Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 19:30 Чоп этиш версияси

“Жондор Чинор Чорва”нинг янги маҳсулоти

Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги парранда гўшти, тухум ва жўжа етиштиришга ихтисослашган “Жондор Чинор Чорва” масъулияти чекланган жамиятида қайта ишлаш цехи иш бошлади.

Умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард сўм бўлган ушбу цех замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Цех парранда гўштини қайта ишлаб, истеъмолчиларга кунига 2,5 тоннагача дудланган ва қайнатилган колбаса маҳсулоти етказиб бериш қувватига эга.

– Маҳсулот рақобатбардошлиги бозорнинг асосий талабларидан бири, – дейди цех раҳбари М.Нарзуллаев. – Бунда унинг нафақат сифати ва технологик талабларга амал қилиниши, балки ҳамёнбоплиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хомашёнинг ўзимизда етиштирилиши колбаса таннархининг ошиб кетмаслиги ва харидоргирлигини таъминлайди. Қолаверса, қайта ишлаш натижасида маҳсулотга қўшимча қиймат қўшилиши ҳам даромадимизни кўпайтиришга хизмат қилади.

“Жондор Чинор Чорва”да ишлаб чиқарилаётган тухум ва парранда гўшти нафақат Бухоро, балки Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари буюртмачиларига ҳам етказиб берилмоқда.

Янги лойиҳа самарасида қишлоқ ёшлари учун 20 янги иш ўрни яратилди. Йил охирига қадар қайта ишлаш цехи чиқиндиларидан паррандабоп озуқа тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу яна 10 иш ўрни яратиш имконини беради.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
9 247