Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Жиззахда умумий ҳажми 2 триллион 444 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди

Жиззахда умумий ҳажми 2 триллион 444 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Жиззахда ўтказилган “Ҳосил байрами” тадбирлари фаровонлик, маъмурчилик ва дастурхонимиз тўкинлиги намойиши сифатида нишонланди.

Барча туманлардан деҳқон ва фермерлар, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари, илмий муассасалар мутахассислари таклиф этилган байрам тадбирларида юртимизда аграр соҳа ривожига қаратилаётган доимий эътибор ҳудудларни обод этиш, бандликни таъминлаш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 12 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб, уларда 70 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилаётир. Уларнинг меҳнати туфайли 2017 йилнинг ўтган тўққиз ойида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 2 триллион 444 миллиард сўмни ташкил этди.
Барча тоифадаги хўжаликларда 401 минг 222 тонна сабзавот, 181 минг тоннадан ортиқ полиз, 68 минг 161 тонна мева, 500 минг 343 тонна бошоқли дон йиғиб олинди. 167 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилди. 30 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

16.JPG

Чорвачилик соҳасининг имкониятларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар қорамоллар бош сонининг ўсишига, ички истеъмол бозорининг чорва маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланишига замин яратди. Жумладан, 2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, йирик шохли қорамоллар сони 101, қўй-эчки 102, парранда 105 фоизга кўпайди.

2017 йилнинг ўтган даврида қишлоқ ҳўжалиги соҳасида умумий қиймати 101 миллиард 947 миллион сўмлик 647 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 минг 937 қўшимча иш ўрни яратилди.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаларига 96 миллиард сўмга яқин банк кредитлари ажратилди.

5 (1).JPG

– Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга кўтарди, – дейди Мирзачўл туманидаги “Пангатлик миришкор” фермер хўжалиги раҳбари О.Мавлонов. – Бу, аввало, деҳқонга, унинг меҳнатига бўлган муносабатнинг ўзгаришида намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни жорий этилиб, “Ҳосил байрами” ўтказилиши деҳқонларга кўрсатилган алоҳида ҳурмат эътирофи бўлди. Мана, неча кунки, юртимизда деҳқону чорвадорлар шаънига билдирилаётган миннатдорлик изҳорлари ва тақдирлашлар қалбимизни ғурурга тўлдириб, янада самарали меҳнат қилишга ундамоқда.

Байрам тадбирлари доирасида «Шоҳсарой» тантаналар мажмуасида дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари бир пиёла чой устида якунланаётган йилни сарҳисоб қилиб, келгуси режалар хусусида фикр алмашди. Самарали меҳнати билан халқимиз фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшаётган соҳа ходимлари, фермерлар, томорқа эгалари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан тайёрланган концерт дастури байрам иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.

Байрам тадбирлари доирасида туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат машиналари топширилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
8 549