Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2018 12:48 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 13 та пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ташкил этилади

Эндиликда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ҳамда фермер хўжаликлари ўртасида пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб бериш борасида тўғридан-тўғри контрактация шартномаси тузилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилди.

Унга кўра, республиканинг турли ҳудудларида 13 та пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкил этилади. Бу ташкилотлар ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, пахта хомашёсини ўз вақтида йиғиб-териб олишга кўмаклашади. Шунингдек, пахтани чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайди. 

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши доирасида ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган пахта толаси ихтиёрий асосда сертификатланади. Ишлаб чиқарувчининг ўзи тўғридан-тўғри контрактлар ёки биржа савдолари орқали бошқа маҳаллий истеъмолчиларга маҳсулотини сотишига рухсат берилди.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчиси томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг рентабеллиги ҳисобга олиниб, агротехнологик хариталар асосида амалга ошириладиган ҳаражатлардан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида белгиланади. У давлат эҳтиёжлари учун белгиланган нархлардан паст бўлмаслиги керак.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига кредитлар жамғарма маблағлари ҳисобидан йиллик 3 фоиздан ортиқ бўлмаган фоиз ставкаси бўйича ва давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликларини молиялаштириш учун назарда тутилган шартлар асосида ажратилади. 

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш учун пахта хомашёси ишлаб чиқариш мақсадида ажратиладиган маблағлар фермер хўжалигининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.

ЎзА
12 585