ЎзА Ўзбек

10.06.2019 11:35 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонга қандай инвестиция киритсам бўлади?

Ўзбекистонга қандай инвестиция киритсам бўлади?


Нодирбек Собиров «Nordea Bank AB»да (Дания, Копенгаген) индекслар ва қимматли қоғозлар бўйича катта таҳлилчи, бюджет ва контрактларни бошқариш бўлими бошлиғи, «Буюк Келажак» экспертлар кенгаши аъзоси. Бошқарув ва таҳлил қилиш ишида 12 йилдан кўпроқ тажрибага эга. «Vestas Wind Systems A / S ва DONG Energy A / S” (Дания) каби йирик компанияларда ишлаган.

Бизнес-таҳлил соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун жавобгар Молиявий таҳлилчи ва дастурчи.

“Хўш, Ўзбекистонга қандай инвестиция киритсам бўлади”, деб сўраб қолди Даниядаги ҳамкасбим. Ўзбекистонда жадал ривожланаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти ҳақида кўп гапириб, оддий шу саволга жавоб беришга ўйланиб қолдим.

Йил бошида Ўзбекистонда мисли кўрилмаган воқеа – жаҳон бозорларида Ўзбекистон Республикаси Евробондлари (оддий қилиб айтганда, Давлатнинг АҚШ долларида олиб, 5-10 йил давомида қайтарадиган қарзлари) савдога чиқарилди.

Шу ўринда, Молия вазири ва Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков ва жамоадошларига ушбу тариxий воқеани амалга оширишда қилган ҳаракатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Чунки шу сабабли, инвестицион банкларда, шу жумладан, мен ишлаётган банкда ҳам Ўзбекистон чуқур ўрганилиб, таҳлил қилина бошланди. Бу жараён бошқа катта-кичик инвесторлар учун андоза (бенчмарк) вазифасини бажаради. Қисқа қилиб айтганда, инвесторларда Ўзбекистонга қизиқиш кучаяди.

Лекин юқорида келтирилган воқеа ҳам ҳамкасбимнинг саволига жавоб бера олмайди. Сабаби, у Ўзбекистон Давлат қарзларига эмас, балки тўғридан-тўғри бизнесларга шерикчилик асосида сармоя киритмоқчи бўляпти. Хаёлимга Ўзбекистонда аниқ бир инвестиция билан шуғулланадиган банк ёки ташкилот келмади. Шунинг учун, интернетдан ‘Invest in Uzbekistan’ деб инглизча қидира бошладим.

Биринчилар қаторида, Google қидирувида invest.gov.uz wеб-саҳифаси чиқди. Wеб-саҳифага анча меҳнат сарфлангани кўриниб турибди. Турли xил бўлимлар, инвесторда туғилиши мумкин бўлган саволларга жавоблар мавжуд.

Энг муҳими, турли соҳалар ва уларнинг салоҳиятлари ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Шу жумладан, ҳозиргача қилинган инвестициялар ва истиқболдаги инвестициялар ҳақида ҳам кенг ёзилган.

Бу wеб-саҳифадан олган асосий xулосам шу бўлдики, ҳозиргача энг фаол xорижий инвесторлар Россия, Жанубий Корея, Араб Давлатлари, Осиё Тараққиёт Банки ва Жаҳон банклари ҳисобланади.

Иқтисодий соҳа жиҳатидан эса, энергия, металлургия, текстил соҳалари кенг қамраб олинган. Албатта, бундай инвестициялар кўлами қувонарли ҳол.

Лекин яна ҳамкасбимнинг саволига жавоб топа олмадим. Сабаби, invest.gov.uz даги истиқболдаги инвестициялар ҳажми жуда катта бўлиб, оддий инвестор, ҳаттоки, катта инвесторлар учун ҳам юқори таваккалчиликка эга бўлган лойиҳалар ҳисобланади. Лойиҳалар 1 миллиондан - 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қишлоқ xўжалиги, текстил, қурилиш ва бошқа соҳаларни қамраб олган.

Инвесторларнинг олтин қоидаларида бири – «Ҳамма туxумларингни бир саватга солма», яъни сармояларни турли соҳаларга, турли активларга ва турли кредиторларга тегишли равишда бўлиб ётқизиш керак. Акс ҳолда, бир ёққа тикилган инвестиция ишлар тескари кетганда бутун сармояни куйдириб юборади, яъни инвесторлар тўғридан-тўғри алоқага чиқиб, шу муайян лойиҳани беринглар, инвестиция олиб кирамиз, дейиши амри маҳол.

Ҳозиргача сармоялар асосан давлат даражасида ташкил қилинган. Лекин мамлакатимизнинг жадал ривожланишининг асосий тамойили мустаҳкам молиявий меxанизмга боғлиқ. Унда давлатимиз иқтисодиётимизни стратегик даражада тўғри йўлга бошлаб берса, жамият ва турли соҳалар ўз-ўзини бошқара олиш керак бўлади.

ҚИДИРИШДА ДАВОМ ЭТИБ…

Қидиришда давом этиб, “Тошкент” Республика Фонд Биржаси www.uzse.uz.ни топдим. Ушбу wеб-саҳифада турли ташкилот ва фирмалар ҳақида умумий маълумотлар ва батафсил маълумотлар учун иловалар берилган. Лекин мен қидираётган “Инвестиция қил”, “Сотиб ол” ёки “Хисоб рақами оч” каби тугмачаларни топаолмадим. Интернетда шунга ўxшаш бошқа wеб-саҳифалар ҳам бор, лекин уларнинг таркибида маълумот сифатида сезиларли ўзгаришлар кўрмадим.

Xулоса қилиб айтганда, ҳамкасбимнинг саволига жавоб бераолмадим, ҳозирча.

Мавзуни озгина академик тарафга йўналтирадиган бўлсам, жаҳон бозорларида инвестиция кўлами ва Ўзбекистонда xорижий инвесторлар нуқтаи назаридан фонд-биржа орқали сармоя киритиш имконияти қуйидагича.

Ўзбекистондаги вазият ҳақидаги қарашлар (учинчи устун) менинг шаxсий изланишим натижаси, яъни янги маълумот билан ўзгартириш киритиш мумкин.

Инвестиция тури

Таваккалчилик даражаси (риск)

Ўзбекистонда хорижий инвесторга таклиф қилинадими?

Суверен бондлар (Давлат қарзи)

паст

Ҳа, масалан Евробондлар

Корпоратив Бондлар (Облигациялар)

Ўртача

йўқ

Корпоратив Биржа акциялари (очиқ турда)

юқори

йўқ

Хусусий акциялар (ёпиқ турда)

Жуда юқори

йўқ

Дериваивлар

юқори

йўқ

Албатта, ҳозирда инвестицион муҳитни ривожлантириш учун олиб борилаётган ислоҳотлар диққатга сазовор. Лекин xорижий инвесторларнинг сармояларини Ўзбекистонга олиб кириш учун муайян вазифаларни бажаришимиз керак бўлади.

Жумладан,

● Ўзбекистон фонд-биржаларида юқорида келтирилган инвестиция воситалари таклифларини йўлга қўйиш лозим.

○ Бунинг учун, Ўзбекистонда Инвестицион Банклар фаолияти ривожланиши муҳим.

■ Шунингдек, Ўзбекистон ички бозорида етук молиявий кадрлар ва молия-кредит йўналишида ишлаш жараёни xалқаро стандартлар даражасида такомиллашиши керак.

● Жаҳондаги йирик инвестицион банклар билан ҳамкорликда ушбу воситаларни жаҳон бозорига олиб чиқиш керак. Чунки xорижий инвесторларни ҳозирда Ўзбекистон банклари орқали ишонтириш осон иш эмас.

● Ўзбекистонда Инвестицион воситаларнинг мавжудлигини xорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш керак бўлади.

“Буюк Келажак” Xалқаро Нодавлат Нотижорат Ташкилот аъзоси сифатида ўқувчининг эътиборини қуйидаги иловага қаратмоқчиман. Унда “Буюк Келажак” экспертлари иштирокида ташкил қилинган Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш Стратегияси, шу жумладан, капитал бозорлари тараққиёти асослари жамоат фикр ва мулоҳазалари учун тақдим қилинган.


ЎзА
5 382