ЎзА Ўзбек

02.03.2018 18:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ипак қурти ғумбагидан ёғ олинади

Ўзбекистонда ипак қурти ғумбагидан ёғ олинади
ФИН САЙЁҲЛАРИ ВА ТАДБИРКОРЛАРИ ЯҚИН КУНЛАРДА ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛАДИ

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси жорий йилнинг учинчи чорагидан бошлаб ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқаришни бошлайди. Бунинг учун керак бўладиган ускуналар хитой компанияларига буюртма қилинди.


Мутахассисларнинг маълум қилишларича, бир литр ғумбак ёғи жаҳон бозорида 200 доллар атрофида баҳоланади. Ҳозирга қадар ипак қурти ғумбагининг бир килограмми паррандачилик, балиқчилик саноати корхоналари учун озуқа сифатида 3-4 минг сўмга сотилган. Ушбу маҳсулот аралашмасидан тайёрланган тиббиёт суртмалари жарроҳликдан кейин ҳосил бўладиган чандиқларни йўқотиш, соч тўкилишини олдини олиш хусусиятига эга. Ундан косметология соҳасида, совун, шампун ишлаб чиқариш саноатида кенг фойдаланиш мумкин.

Ана шундай қизиқарли маълумотлар “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Б.Шарипов ва Финландия ҳалқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти директори, Фин Фонд вакилли Биргит Невала билан учрашуви чоғида келтирилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Финландия ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш доирасида ипак қурти ғумбагидан ёғ олиш, фин тадбиркорлари ва сайёҳат ишқибозларини уюшма ташкил этаётган ҳунарманд касаначилар маҳалласига ташрифини ташкил этиш орқали тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Pilla.jpg

Эндиликда пиллачилик тармоғига жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилади. Давлат божисиз кўп марталик визалар бериш, муддатини узайтириш, вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтказиш ва муддатини узайтириш амалга оширилади.

– Ўзбекистоннинг бу қадар ривожланган, обод юрт эканини билмаган эдим, жуда катта тассуротларга эга бўлдим, – дейди Финландия ҳалқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти директори, Фин Фонд вакилли Бергит Невала. – Финлар билан ўзбеклар ўртасида ўхшашликни топдим, улар бошқаларга ҳурмат кўрсатувчи, тортинчоқ. Бугунги учрашув жуда муҳим бўлди. Финландия компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган соҳаларни муҳокама қилдик. Тезроқ ипакчилик ва сайёҳлик борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидамиз. Энг аввало, ипак сайёҳлигини йўлга қўйиб, тутзорлар яратишда иштирок этамиз. Кесилган тут шохларидан ҳамкорликда мебель саноати учун керакли маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз.

— Ҳозирга қадар Европани айрим давлатлари билан ипак матолар етказиб бериш борасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Б.Шарипов.- Лекин, шимолий европа давлатлари — Норвегия, Финландия билан ҳозирга қадар ҳамкорлик алоқалари йўқ эди. Ўрганишларимиз ушбу мамлакатларда бизда чиқадиган маҳсулотларга талаб юқори эканини кўрсатди. Меҳмонимиз ҳам бир неча йўналишларда ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда. Фин Фонд узоқ муддатли инвестиция киритишга розилик берди.

Учрашув якунида бир гуруҳ фин сайёҳлари ва тадбиркорлари яқин кунларда Ўзбекистонга келиши, ёғ ишлаб чиқариш ва тутзорлар яратиш борасида келишувга эришилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
14 665