Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 11:43 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон йигирмадан зиёд давлатга кимё саноати маҳсулотларини экспорт қилмоқда

Миллий матбуот марказида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти корхоналарининг 2016 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз етакчи иқтисодий тармоқларидан бири саналган кимё саноати мамлакатимиз иқтисодиётига ва унинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қуввати Ўзбекистоннинг кимё маҳсулотларига бўлган ички талабини тўла таъминлаш ҳамда доимий асосда уларни экспорт қилиш имконини бераётир.

Жамият корхоналарида турли минерал ўғитлар, сунъий тола, полимер материаллар, ноорганик моддалар, энергетика, олтин қазиб олиш ва енгил саноат учун резина-техника буюмлари, кимёвий реагентлар, дефолиантлар ишлаб чиқарилмоқда. 2016 йил 2 триллион 329 миллиард сўмлик маҳсулот, 214 миллиард 600 миллион сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилган. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар доирасида тармоқ корхоналарида 328 миллион 530 минг долларлик сармоя ўзлаштирилган.

Янги маҳсулот турларини ўзлаштириш бўйича кейинги икки йилда ўндан зиёд лойиҳа амалиётга татбиқ этилган бўлса, жорий йилда 15 лойиҳани ишлаб чиқаришга жорий этиш режалаштирилган. «Максам-Чирчиқ» корхонасида зангламага қарши қоплама, фигурали катализатор, «Навоийазот» корхонасида натрий сульфат тузи, Жиззах пластмасса заводида стрейч плёнка ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.

Бу турдаги лойиҳалар мамлакатимиздаги мавжуд хомашё захираларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш баробарида импорт ўрнини босадиган маҳаллий маҳсулотлар тури ва ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. 2016 йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 317 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани бунинг амалий ифодасидир.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти хорижга аммиак, карбамид, аммиак селитраси, сульфат аммоний, аммофос ва нитрофоска етказиб берувчи йирик тармоқ ҳисобланади. Ўтган йилда экспорт географияси яна тўртта давлатга кўпайиб, Ўзбекистон кимё саноати маҳсулотларини харид қилаётган мамлакатлар сони йигирма биттага етди. Бугунги кунда Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги мамлакатларда савдо уйларини очиш устида иш олиб борилмоқда.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
2 125






Все о погоде - Pogoda.uz