ЎзА Ўзбек

06.06.2018 20:50 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Афғонистон: қўшма корхоналар, темир йўл, электр-энергия масалаларидан “афғон коласи”гача

Ўзбекистон ва Афғонистон: қўшма корхоналар, темир йўл, электр-энергия масалаларидан “афғон коласи”гача Ўзбекистон томонидан Афғонистонга "Ҳайратон" кўприги орқали, салкам 50 вагон буғдой ва бир юк машинасида кийим-кечаклар юборилди. Бу борада сайтимизда маълумот берган эдик.

Афғонистон ҳудудида GM Uzbekistоn автомобиллари йиғилади

Афғонистон ҳудудида ҳозиргача бирорта автомобиль йиғувчи корхона очилмаган. Ўзбекистон эса бу давлатда GM Uzbekiston ишлаб чиқарувчи автомобилларини йиғувчи корхона ташкил этиши режаси борлигини билдирди. 
 
Расмийларнинг изоҳ беришича, айни пайтда бу борада музокаралар олиб борилмоқда. 

photo5240054573400435092.jpg

photo5240054573400435094.jpg

Агар икки давлатнинг айни йўналишдаги ҳамкорлиги самарали ҳал бўлса, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон ҳудудида бундай йирик корхона очган илк давлат бўлади.

Шуни айтиш жоизки, автомобиль йиғувчи корхона бу мамлакат иқтисодиётига катта ёрдам кўрсатиши ва айни дамда ҳудуддаги энг йирик муаммо бўлган ишсизликнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Бу борада икки давлат Президентларининг 2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтган учрашувида ҳам фикр борган эди.

Мазкур автомобиль йиғиш корхонаси Ўзбекистоннинг Афғонистон ҳудудида қуришни кўзлаган ягона корхона эмас. Бундан ташқари, истиқболда икки давлат ҳамкорлигида пахтани қайта ишловчи қўшма тўқимачилик корхонасини очиш лойиҳаси ҳам турибди. 
 
Ҳозирда Балх вилоятининг бу йўналишдаги инженерия ва коммуникацион имкониятлари ўрганилмоқда ва ўзаро музокаралар олиб борилаётир.

Афғонистон билан ўрнатилаётган иқтисодий алоқа Ўзбекистонга нима беради?

Бу мамлакат 40 йилдан буён нотинч ва иқтисодий инфраструктураси деярли изга қўйилмаган давлат ҳисобланади. 

Ўзбекистон эса қўшни қардош мамлакатга нисбатан олиб бораётган сиёсати, саъй ҳаракатлари, қўшма корхоналар очиш режалари бу давлатнинг иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш, қолаверса, минтақада тинчлик ва фаровонликнинг таъминланишига ҳисса қўшишни кўзлаган. 

photo5240345853787482382.jpg

photo5240345853787482388.jpg

Шунингдек, Афғонистон иқтисодиёти тикланса, давлатда тинчлик ҳукм сурса “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлларини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлади. Маълумки, Ўзбекистонда Афғонистон орқали Шарқий Европа, Жанубий Осиё, Эрон ва Ҳинд Океанига энг қисқа йўл билан чиқа олиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида Марказий Осиё давлатларининг жаҳон бозорига чиқишининг энг қисқа ва арзон йўли ҳисобланади. Бунинг учун эса Афғонистондаги барқарор вазият ўта муҳим. Умуман олганда, бу диёрда тинчликнинг ўрнатилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатларининг инвестицион жозибадорлигини оширади ва туризмнинг ривожланишига ҳам маълум маънода туртки бўлади.

“Ўзбекистон темир йўллари” қачон Ҳиротгача боради?

Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг учрашувида “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф — Ҳирот” темир йўлини давом эттириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилган. Ҳозирда мазкур темир йўлининг хавфсизлик чоралари бўйича меморандум ишлаб чиқилмоқда. Яқин кунларда бу меморандум кучга киради. Унда темир-йўл инфратузилма объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар ўз аксини топади. Лойиҳани амалга ошириш учун икки давлат мутахассислари жалб қилинган.
“Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф — Ҳирот” темир йўлини 3 йил давомида қуриб битказиш кўзланган.

photo5240345853787482393.jpg

Ўзбекистонга кириб келаётган Афғонистон “Кока-кола”лари

Бугунги кунда Ўзбекистонга катта миқдорда Афғонистонда ишлаб чиқарилган “Кока кола” ҳамда Покистоннинг шакар маҳсулотлари кириб келмоқда. Афғон “Кока-кола” ичимлигини ҳозирда Сурхондарё вилоятининг бозор ва супермаркетларида учратиш мумкин.

photo5240054573400435077.jpg

Покистондан Афғонистон орқали Ўзбекистонга олиб келинаётган шакар маҳсулоти эса мамлакатимизнинг бир қанча вилоятлари, хусусан, Тошкент шаҳрига ҳам етказилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондан Афғонистонга нўхат, ловия маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Афғонистонга Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистондан етказилаётган маҳсулотлар Ўзбекистондан транзит йўли орқали ўтмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йили мазкур темир йўл орқали 2 миллион, автомобиль йўллари билан эса 1 миллион тоннага яқин юк олиб ўтилган.

Иқтисодий алоқалар рақамларда

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 2017 йилда 617 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2018 йилнинг 4 ойида эса 230 миллион (АҚШ долларини) ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг тўрт ойига нисбатан ўсиш 10 баравар кўп деганидир. Рақамлар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг сифат нуқтаи назардан ўсганлигини кўрсатмоқда. Демак, Ўзбекистон ва Афғонистон   ўртасида имзоланган божхона келишувлари ва савдо-сотиқ юзасидаги шартномалар амалга ошмоқда ва чегара тартиблари енгиллаштирилиб, имтиёзлар йўлга қўйилгани иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

photo5240345853787482386.jpg


Ўзбекистон Афғонистон орқали Жанубий Осиё давлатларига электр-энергия экспорт қиладими?

Маълумки, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради. Ҳозирда Ўзбекистон томонидан Сурхон-Пули-Кумри электр-энергия тармоғи қурилмоқда. Мазкур тармоқ қуриб битирилгач, Афғонистонга келадиган электр-энергия янада ортади. 2002 — 2017 йиллар давомида Афғонистонга узатилаётган электр-энергия ҳисобига Ўзбекистон бюджетига 900 млн. (АҚШ доллари) миқдорида валюта келиб тушган. Келажакда Ўзбекистон Афғонистон орқали Жанубий Осиё давлатлари ва Покистон Республикасига ҳам электр-энергия экспорт қилиш ниятида.

photo5240054573400435095.jpg

Афғонистон Ўзбекистонни Шарқий Европа ва Жанубий Осиё давлатлари билан боғлаб турувчи табиий кўприкдир. Бу кўприк Ўзбекистон иқтисодиётининг янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Афғонистон кўприк вазифасини ўташи учун эса мамлакатда тинч ва барқарор вазиятнинг юзага келиши ўта муҳим. Шундай экан Ўзбекистоннинг Афғонистон иқтисодиётини тиклашда кўмаклашиши, минтақада тинчлик ўрнатилишига ёрдам қўлини чўзиши келажакда наинки икки давлат ривожига, балки минтақадаги давлатлар учун улкан имкониятлар йўлларини очади.


Анора Содиқова, Оқил Ғуломов (сурат), 
ЎзА 

(Тошкент — Ҳайратон — Тошкент)


17 770