ЎзА Ўзбек

19.12.2018 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон шаҳарларини ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллари

Ўзбекистон шаҳарларини ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллари
Жорий йилнинг 18 декабрь куни Жаҳон банки Директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг учта шаҳридаги муниципал хизматлар сифати ва шаҳар инфратузилмасини яхшилашни назарда тутувчи “Ўртача шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини маъқуллади.

Жаҳон банкининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда аҳолиси 50 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ўртача шаҳарлар иқтисодий ривожланиш ва йирик шаҳарлар эҳтиёжларига хизмат кўрсатиш базаси вазифасини ўтаб келмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз шаҳар аҳолисининг 40 фоизи ёки қарийб 1,5 миллион киши камида аҳолиси 100 минг нафар бўлган шаҳарларда истиқомат қилади. 

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Морининг айтишича, Жаҳон банки Ўзбекистонда шаҳар хўжалигини ривожлантириш лойиҳасини илк маротаба молиялаштирмоқда. Янги лойиҳа Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарлари инфратузилмаси, умумий фойдаланиш жойлари ва муниципал хизматларни ривожлантиришга кўмаклашади. Мазкур аҳоли пунктларидаги умумий аҳоли сони 165 минг нафарни ташкил этади. Бу шаҳарларда амалга ошириладиган лойиҳадан тўпланган тажриба Ўзбекистоннинг ўртача шаҳарларини ривожлантириш миллий дастурини ишлаб чиқиш жараёнида қўлланилади. 

Бу марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг шаҳар хўжалиги, шаҳар инфратузилмаси, аҳолига муниципал хизматлар тақдим этиш, шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш соҳаларидаги бошқарувига доир институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради. 

Жаҳон банки мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларига тенг 19 та лойиҳани молиялаштиради. Мазкур лойиҳалар макроиқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва санитария, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва ҳудудий ривожлантиришни ўз ичига олади. 



3 789
Роман Бондарчук, ЎзА