ЎзА Ўзбек

10.06.2019 15:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Саудия Арабистони: муносабатлар янги босқичда

Ўзбекистон – Саудия Арабистони: муносабатлар янги босқичда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бундан икки йил аввал – 2017 йил 20-21 май кунлари Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Ар-Риёд шаҳрига ташриф буюриб, араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди. Ушбу сафар икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очди.

Журналист Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Жидда шаҳридаги Бош консули Сирожиддин ШАМСУТДИНОВ билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларнинг бугунги ривожи ҳақида суҳбатлашди.

– Дастлаб Ўзбекистон – Саудия Арабистон Подшоҳлиги ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихига тўхталсак.

– Саудия Арабистони Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. 1992 йил февралда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

1992 йил ноябрдан Жидда шаҳрида Ўзбекистон Республикаси консулхонаси фаолият бошлади. 1994 йил июнда консулхона Бош консулхона даражасига кўтарилди. 1995 йил майда Ар-Риёдда Ўзбекистон элчихонаси иш бошлади. 1997 йил март ойида Тошкентда Саудия Арабистони элчихонаси очилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами кенг. Бугунги кунда мамлакатларимиз сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлатларимиз ўртасида турли даражадаги делегациялар алмашувлари фаоллашмоқда.

– Маълумки, 2017 йил ноябрь ойида Саудия Арабистони парламенти делегацияси – Ўзбекистон – Саудия парламентлараро дўстлик қўмитаси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ушбу қадам муносабатларни қайта тиклашда қандай аҳамият касб этди?

– Шуни қайд этиш жоизки, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, ҳусусан, ташқи ишлар вазири, валиаҳд шаҳзода Одил ибн Аҳмад ал-Жубейра мамлакатнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Саудия дунёга очилиб бормоқда. Бундай имконият Ўзбекистон учун ҳам манфаатли.

2017 йил 3-4 ноябрь кунлари Подшоҳликнинг энергетика вазири Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Электр энергетика кенгашининг 51-мажлисида қатнашди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси делегацияси 2018 йил 17-20 декабрь кунлари Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Саудия илмий-тадқиқотлар ва таълим алоқалари маркази, Подшоҳ Абдулазиз номидаги Миллий мулоқот маркази, Подшоҳ Абдулла номидаги араб тили маркази, Жаҳон ислом лигасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича учрашувлар ўтказди.

2019 йил 9-12 апрель кунлари Ўзбекистон Фанлар академияси делегацияси Ар-Риёд шаҳрида “Осиё арабшунослари” халқаро конференциясида иштирок этди.

Ҳозирги кунда ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 11 та ҳужжат (4 та ҳукуматлараро ва 7 та идоралараро битим) ташкил этмоқда.

– Энди иқтисодий муносабатлар ҳақида фикрлашсак. Саудия Арабистони Ўзбекистон учун нечоғли муҳим иқтисодий ҳамкор?

– Ўзбекистон дунёнинг йирик молиявий марказларидан бири бўлган Саудия Арабистони билан муносабатларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишлари мунтазам ўтказилиши бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, ушбу комиссиянинг илк йиғилиши 1999 йил августда Тошкент шаҳрида ўтказилган. 2004 йил 3-5 май кунлари Ар-Риёд шаҳрида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Саудия савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Аммо тан олиш керакки, бу келишувлар амалда тўла ифодасини топмади. Холбуки, Ўзбекистон ва Подшоҳлик ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш ва кенгайтиришда катта имкониятларга эга. Улардан етарли даражада фойдаланмаётгани боис, ўзаро савдо айланмаси 2018 йилда олдинги йилга нисбатан 33 фоиз ошганига қарамасдан, товар алмашинувининг умумий ҳажми ҳамон пастлигича қолмоқда. 2018 йил якуни бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 44,1 миллион долларга тенг бўлди.

Ўзбекистондан Подшоҳликка асосан хизматлар, ҳўл ва қуруқ мева, тўқимачилик маҳсулотлари, электр ва механика жиҳозлари экспорт қилинмоқда. Саудиядан хизматлар, атторлик маҳсулотлари, қора металл, пластмасса ва ундан ишланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари иштирокида 10 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан 4 таси тўлиқ Саудия капитали асосида ташкил этилган.

Саудия тараққиёт жамғармаси 2018 йилда мамлакатимизда намунавий уйлар қурилишига 93,2 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратди.

2018 йил 11-16 декабрь ва 2019 йил 1-6 апрель кунлари Саудия савдо-саноат палатаси кенгаши делегацияси юртимизга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Ўзбекистон – Саудия бизнес-форуми, ишбилармонлар музокаралари бўлди. Ишонч билан айтиш мумкинки, икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар яна жонланди.

– Сўнгги бир йилда мамлакатимиздан ўн мингдан зиёд зиёратчи Саудия Арабистонига сафар қилди. Юртимизда ислом оламида машҳур буюк алломалар зиёратгоҳлари бор. Саудияликларни зиёрат туризми бўйича ушбу манзилларга сафарларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар қилиняпти?

– Жорий йил 21-23 февраль кунлари Саудиянинг Alfaris International Travel компанияси делегацияси Тошкентда бўлиб ўтган биринчи халқаро зиёрат туризми форумида қатнашди. Унинг натижасида Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий ва бошқа улуғ зотлар зиёратгоҳларига, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга зиёрат сафарларини ташкил этиш ҳақида келишувларга эришилди. Шу мақсадда Ўзбекистон билан Саудия ўртасида ҳафтасига 6 мартадан самолётлар қатнови йўлга қўйилди.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони ўртасида гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари асосан маданият, таълим, илм-фан, спорт ва дин соҳаларини қамраб олмоқда. Жумладан, халқ амалий санъати кўргазмасини ўтказиш мақсадида Подшоҳлик Маданият ва ахборот вазирлиги делегацияси юртимизга ташриф буюрди.

Ар-Риёд шаҳрида ўтган халқаро китоб ярмаркасида “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” ДИН, “Шарқ” НМАК, Ғафур Ғулом номидаги ва “Маънавият” нашриётларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизга Мадина ислом университети ректори доктор Муҳаммад ат-Тамимий раҳбарлигидаги делегация ташрифи амалга оширилди.

Подшоҳ Абдулазиз номидаги Миллий мулоқот маркази делегацияси 2019 йил 19-20 февралда Ўзбекистонга ташриф буюриб, “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” халқаро конференциясида иштирок этди.

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг 11 нафардан иборат делегацияси Саудия оммавий ахборот воситалари раҳбар ва вакиллари билан Жидда шаҳрида амалий учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида Саудиялик 4 нафар журналист ижодий уюшма Фарғона вилоят бўлими таклифига кўра Ўзбекистонга, Фарғона вилоятига ўзаро тажриба алмашгани боришига келишилди. Бу каби ҳамкорлик шубҳасиз икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳаммаджон ОБИДОВ

суҳбатлашди.

Жидда шаҳри


ЎзА
2 353