Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 21:38 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Россия ишбилармонлари истиқболли келишувлар имзолади

Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимизда Ўзбекистон – Россия ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Икки давлат вазирлик, савдо-саноат, инвестиция ва бошқа тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритувчи компаниялари раҳбарлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон – Россия ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ишончли стратегик шериклар сифатида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу жиҳатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомидаги самарали мулоқотларда ўз аксини топди.

Икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан истиқболли келишувларга эришди.

Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик етакчи ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.Ғаниев, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли савдо-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланаётгани, россиялик ишбилармонлар учун Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит, зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди. Ишлаб чиқариш ва саноатни диверсификация қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар инвестиция муҳити ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга хизмат қилаётганини қайд этди.

Бугун мамлакатимизда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 1000 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 60 дан зиёд фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 569 тадбиркорлик субъекти ишлаб турибди. 2016 йилда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 4 миллиард 200 миллион долларни ташкил этди, жорий йилнинг январь-август ойларида эса 3 миллиард доллардан ошди.

Бизнес-форумда ишбилармонлар ўзларини қизиқтирган лойиҳаларни муҳокама қилди. Нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли келишувларга эришди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов сўзга чиқди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 286






Все о погоде - Pogoda.uz