Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 17:03 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон бозорида

Москва шаҳрида “Продэкспо – 2017” озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз компания ва корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашди.

Халқаро кўргазмада МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Туркия, Хитой, Жанубий Корея ва Эрон каби 50 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд иштирокчи ўз маҳсулотлари билан қатнашди, 29 мамлакатнинг миллий экспозицияси ташкил қилинди. Дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан меҳмонлар ташриф буюрди.

Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган изчил ишлар самарасида 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинаётир. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан ошди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида амалга оширилган ишлар самарасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар жаҳон бозорида кенг ўрин эгаллаши, тадбиркорларнинг чет элларда ўтказилаётган йирик халқаро ярмаркалар, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иштирок этиши, янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатиши ва шартномалар тузиши амалий ишлар натижасидир.

“Продэкспо – 2017” кўргазмаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди. Мазкур форумда озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни етиштириш ва қайта ишлашга оид энг сўнгги ютуқлар намойиш этилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада тадбиркорларимиз томонидан 64 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланди. Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди.

– 24-халқаро озиқ-овқат кўргазмасида "Ўзагроэкспорт" АЖ ва "Inter Sok", "Mavis", "Tillaxon", "Hydrolife Agro Eco" каби ўнга яқин компанияларимиз ўз маҳсулотларини намойиш қилди, – деди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маркетинг бўлими ходими Моҳинур Бурҳонова. – Мазкур кўргазмада жамғарма томонидан тадбиркорларимиз маҳсулотлари намойиши учун Ўзбекистон миллий экспозицияси ташкил этилди.

“Продэкспо – 2017” кўргазмаси доирасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар экспорт ҳажмини ошириш ва жўғрофиясини кенгайтириш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Севара Алижонова, ЎзА
3 176






Все о погоде - Pogoda.uz