Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.10.2017 19:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Қирғизистон ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон – Қирғизистон ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг савдо, саноат, иқтисодиёт, туризм индустрияси, электр энергияси, қурилиш, машинасозлик, металлургия, автомобилсозлик, электр техникаси, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик, компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда кенгайиб бормоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасида ўзаро манфаатли лойиҳалар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Икки мамлакат Президентларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашда янги даврни бошлаб берди. Чегара постлари очилиб, транспорт алоқалари тикланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти М.Шаршекеев ва бошқалар тарихи, дини, тили, маданияти бир икки халқнинг ўзаро яқин қўшничилик алоқалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бугун юқори руҳда давом этаётганини таъкидлади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасига оид шартноманинг ратификация қилингани мамлакатларимиз миллий манфаатларида алоҳида ўрин тутиши, келгусидаги истиқболли ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадам экани қайд этилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон – Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсиб, 170 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокидаги 54 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Қирғизистонда Ўзбекистон ишбилармонлари томонидан барпо этилган 49 корхона иш юритмоқда.

Форумда икки мамлакатнинг 500 дан зиёд давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фирма, компания ҳамда бизнес доираси вакиллари иштирок этди. Савдо, сармоя, энергетика ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш, машинасозлик, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш борасида манфаатли келишувларга эришилди. Хусусан, бизнес-форумда автомобилсозлик, уларга техник хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, маиший техника маҳсулотлари каби қатор йўналишларда ҳамкорликка оид 17 ҳужжат имзоланди.

– Мазкур форум узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларини амалиётга жорий қилиш, ўзаро маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришда ишбилармонлар учун мулоқот майдони вазифасини ўтади, – дейди Қирғизистоннинг “Imzo LTD” масъулияти чекланган жамияти директори С.Мирзаев. – Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан шерикликда 2008 йилдан буён профил ромлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Тадбир давомида бу борадаги қўшма лойиҳаларнинг истиқболли пакетини имзолашга муваффақ бўлдик. Ўзбекистоннинг “Artel” ҳамда “Akfa” компаниялари билан шартнома имзоладик. Мамлакатингизнинг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда Осиёнинг етакчи давлатлари бозорини забт этишга ишонамиз.

Музокараларга бой ўтган форумда қиймати 200 миллион доллардан зиёд шартномалар имзоланди. Келгусида ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, қўшма корхоналар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

– Давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашувлар минтақада самарали савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун пухта замин яратди, – дейди “ANAXMED GAZ-BIZNES” масъулияти чекланган жамияти бош директори ўринбосари А.Каримов. – Бизнес-форум доирасида Қирғизистондан мамлакатимизга ўсимлик мойи экспортини назарда тутадиган 10 миллион долларлик шартнома имзоладик. Келгусида бу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Анжуман доирасида бўлиб ўтган “B2B” ишбилармонлар иштирокидаги бевосита учрашувларда ҳам туризм, озиқ-овқат, IT технологиялари, енгил саноат каби йўналишларда келишувларга эришилди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
5 968






Все о погоде - Pogoda.uz