Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 19:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Банклар уюшмасида ҳисобот ва аудит стандартларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Ўзбекистон Банклар уюшмасида юртимиздаги етакчи тижорат банклари, аудит ташкилотлари ва ўқув муассасалари ходимлари иштирокида “Молия ҳисоботи ва аудитнинг халқаро стандартлари: қонунчилик, амалиёт ва уларни жорий этиш муаммолари” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Конференция 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 майдаги “Аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, Марказий банк, Банклар уюшмаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Аудиторлар палатаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Ўзбекистон Банклар уюшмаси бош директори С.Абдуллаев, Аудиторлар палатасининг кузатув кенгаши раиси Н.Каримов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар Президентимиз фармонига мувофиқ тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида юртимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратиш, жаҳон интеграция жараёнларида фаол иштирок этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Анжуманда мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш, етакчи хорижий институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, давлат маблағларини сарф этишга доир маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш каби масалалар муҳокама этилди. Ушбу муҳим вазифаларни амалга ошириш умумқабул қилинган замонавий меъёр ва стандартлар, жумладан, молия ҳисоботи ва аудитнинг халқаро стандартларини мамлакатимизда босқичма-босқич жорий қилиш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш заруратини тақозо этади.

Халқаро стандартлар асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш тақдим этилаётган маълумотлар очиқлиги, ишончлилиги ва холислиги таъминланишига боғлиқ. Бу кўп жиҳатдан сармоядорлар ва банклар томонидан корхоналар фаолиятини ривожлантириш учун маблағ ажратиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга хизмат қилади. Мамлакатимиз миқёсида молия ҳисоботининг халқаро стандартларини жорий этиш тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, Давлат бюджетига солиқ тушумлари ҳажмини ошириш, иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган.

Мамлакатимизда халқаро стандартлар асосидаги бухгалтерия ҳисоби ва аудит тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борада тегишли қонунлар, давлат дастурлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари қабул қилинган. Юртимизда молия ҳисоботининг халқаро стандартларига ўтиш бўйича миллий иқтисодиётимизга мослаштирилган ўзига хос йўл танланган бўлиб, у бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларга мос миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни назарда тутади.

Анжуманда сўзга чиққан “JPA International” аудит ташкилотлари халқаро тармоғи президенти Жак Потдевен (Франция), “Содружество” Аудиторлар ассоциацияси ўзини-ўзи бошқариш ташкилотининг бош директори О.Носова (Россия) каби атоқли халқаро экспертлар ва бошқалар молия ҳисоботи ва аудитнинг халқаро стандартларини амалиётга тўлиқ жорий этиш ушбу стандартларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, уларнинг услубий жиҳатларини моҳирона қўллаш, миллий стандартларни халқаро мезонларга максимал даражада мослаштириш, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базасини илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштириш, мутахассис-амалиётчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг чет элда малака ошириши ҳамда амалиётчи бухгалтерларни сертификатлаш ишларини йўлга қўйишни талаб этишини алоҳида таъкидлади.

Анжуман якунлари бўйича иштирокчилар томонидан мамлакатимиз бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.

Аблай Камолов, ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz