Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 15:49 Чоп этиш версияси

Тошкентда Ўзбекистон – АҚШ савдо форуми бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, нефть-газ, машинасозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, геология ва минерал ресурслар, металлургия, кимё ва озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологиялар, таълим ҳамда ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётгани, ушбу мажлис ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини ишга солишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз иқтисодиёти, хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар бугун энг тараққий топган давлатлар эътиборини тортмоқда. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 454 миллион долларни ташкил қилди. Мамлакатимизда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда, АҚШ фирма ва компаниялари юртимизда ваколатхоналарини очган. Улар автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослашган.

Ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга. АҚШнинг “Coca-Cola International”, “General Electric”, “CNH Industrial”, “Honeywell”, “US Inc.” каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бунда мамлакатимизда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият, имтиёз ва преференциялар муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайишида Америка – Ўзбекистон савдо палатаси муҳим ўрин тутади. 1993 йили ташкил этилган ушбу палата икки мамлакат ўртасидаги савдо-сармоявий алоқаларни ривожлантириш мақсадида кўнгилли асосда тузилган ноҳукумат нотижорат ташкилотдир. Унга аъзо компаниялар хедж фондлардан тортиб юридик фирмалар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, меҳмонхоналар ва интернет хизмати провайдерларигача бўлган турли бизнес жабҳаларида фаолият юритади.

Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг асосий мақсади АҚШ фирма ва компанияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига жалб этиш, хусусан, мамлакатимиздаги сармоявий муҳит билан уларни яқиндан таништириш баробарида, инвестиция киритиш ва ҳамкорликда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чорлаш, тадбиркорларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръати таъминланаётганини алоҳида қайд этди.

– Ўзбекистон билан ўзаро самарали ҳамкорлик мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилаётир, – деди К.Лэмм. – Мамлакатдаги барқарор вазият, юксак макроиқтисодий кўрсаткичлар ва юқори малакали кадрлар Ўзбекистонга хорижий сармоя киритиш истаги ва имкониятларини тобора оширмоқда. Анжуманда иштирок этган Америка компаниялари Ўзбекистон билан ўзаро сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Мазкур мажлис натижалари икки томонлама фаол ва истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуманда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, бу борада ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларини ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, нефть-газ, кимё саноати, автомобилсозлик, авиасозлик, энергетика ва энергия тежаш, фармацевтика, электр техникаси, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги сармоявий лойиҳалар учун АҚШ сармояси ва технологиясини жалб қилишда ҳамкорликни ривожлантириш, ички ва ташқи бозорларда талабгор бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Америкалик ишбилармонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараларини юксак баҳолади. Ўзбекистон юксак иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, мамлакатимизда барпо этилаётган эркин иқтисодий зоналар сони ва фаолияти кўлами ошиб бораётгани хорижий сармоядорларнинг мамлакатимиз билан ҳамкорликка қизиқишини тобора орттираётгани таъкидланди.

Тадбирда АҚШнинг ўттиздан зиёд йирик компанияларидан вакиллар иштирок этгани ҳам ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолат беради.

– Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кончилик каби соҳаларда фойдаланиладиган техника воситалари ва машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниямиз Ўзбекистонда 2001 йили ўз фаолиятини бошлаган, – деди “Катерпиллар” компаниясининг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича директори С.Беркебиле. – Компаниямизнинг Тошкент, Зарафшон ва Қаршидаги филиалларида ишлаб чиқарилаётган асбоб-ускуналар учун зарур кўплаб бутловчи қисмларни Ўзбекистондан олмоқдамиз. Мамлакатингиздаги ижтимоий ва иқтисодий омиллар ишлаб чиқариш жараёнининг такомиллашишига, фаолиятимизнинг жадал ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистондаги бизнесимизни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.

АҚШ делегацияси, шунингдек, турли вазирлик ва идораларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказди.

Севара Алижонова, ЎзА
2 818






Все о погоде - Pogoda.uz