Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 11:22 Чоп этиш версияси

Зайтунлар гуллаганда

Ўзбек қизлари, аёллари ҳақида гап кетганда, албатта, уларга қўли гул, чевар, пазанда дея сифат берамиз. Бизнинг қаҳрамонимиз эса бироз бошқачороқ: беғубор, серғайрат, ҳар бир ҳаракатидан ҳаётга, она табиатга бўлган меҳри, яшашга иштиёқи сезилиб туради. Ҳамсуҳбат бўлар экансиз, ундаги шижоат, беихтиёр сизга ҳам кўчади...

– Самарқанднинг олис тоғ қишлоқларидан бири Жомда зиёли оилада туғилганман, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова. – Қишлоқда ўқимишли кишининг обрўси баланд. Отам Ёрмат Саъдинов ўқитувчи бўлгани учунми, уйимизда китоб муқаддас саналган. Мактабда ўқиган чоғларим нашр этилган янги адабиётларни аввал отам, кейин мен ўқиб чиқардик.

Болаликдаги севимли машғулотим гуллар териш, гиёҳлар йиғиш, табиат қўйнида сайр қилиш эди. Она табиатга бўлган меҳрим мактабни тамомлагач, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига етаклади. Институтнинг агрономлик факультетини имтиёзли диплом билан тугатгач, илмий фаолиятимни ушбу даргоҳ билан боғладим.

"Соя" опа

Фарзандлари ёш бўлишига қарамай Дилором опа 1975 йили докторлик диссертацияси устида иш бошлади.

– Устозларим таклифи билан мамлакатимизда 1933-1935 йиллари экилиб, кейин бу ўсимлик Ўзбекистон иқлимига номуносиб деб нотўғри хулоса чиқарилган соя ўсимлиги агротехникасини ўрганишга киришдим, – дейди Дилорам опа. – Ўн беш йил давомида юртимизнинг барча вилоят ва туманларини қадамма-қадам кезиб, соя ўсимлиги Ўзбекистон ерларида ҳам ўсишига, юқори ҳосил беришига ишонч ҳосил қилгач, илмий асосда исботлашга эришдим. Турли конференцияларда илмий чиқишлар қилдим, соя ўсимлиги бўйича монографиялар ёздим.

Айрим мамлакатларда кузатилаётган озиқ-овқат етишмовчилигини бартараф этишда озуқавийлиги юқори бўлган соя ўсимлигидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Дунё аҳолисининг 55 фоизи, жумладан, хитойликларнинг аксарияти соя мойини истеъмол қилади. Мутахассисларнинг фикрича, соя ўсимлигидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, мой, гўшт сингари оқсилга бой озиқ-овқатлар ўрнини босувчи тўрт юздан зиёд турли маҳсулот олиш мумкин экан. Бу ўсимлик етиштирилишига кўра дунё деҳқончилигида буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейин тўртинчи ўринда туради.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда соя донидан инсон организми учун мутлақ зарарсиз бўлган ўсимлик мойи олинмоқда. Соя донининг мойи ажратиб олингач, фақат оқсили қолади. У колбаса цехларида, болалар озуқалари ҳамда турли печенье ва шоколадли конфетлар тайёрлашда ишлатилади. Соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради. Буғдой унидан пиширилган нонларга қараганда тўйимлилиги икки марта юқори.

Соя дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи сақланади. Соя оқсилидан қон плазмалари, кўзойнаклар учун сифатли линзалар олиш ҳамда жун газламалар ишлаб чиқариш мумкин.

Чорвачиликда ҳам соя маҳсулотлари сифатли ва тўйимли ем-хашак озуқасидир. Сулининг 100 килограмм донида 100, буғдойда 116, арпа донида 126, маккажўхорида 133 озуқа бирлиги мавжуд бўлса, ана шунча соя донида 134,8 озуқа бирлиги бор.

Соя шротида ҳам 14 хил аминокислота сақланиб қолади. Ана шу моддалар 3 кунлик жўжалар учун жуда фойдалидир. Натижада товуқлардан олинадиган тухум сони ортади ҳамда уларнинг боқилиш муддати 12-15 кунга қисқаради.

Соя оқсилидан ипакчиликда ҳам озуқа сифатида фойдаланилади. Японлар тажрибасига кўра, бир йилнинг ўзида беш мартагача ипак қурти боқиш мумкин.

Бу ўсимликнинг афзалликларидан яна бири тупроқ унумдорлигини оширишидир. Соя дуккакли ўсимлик бўлгани боис, ҳаводан соф азотни ўзлаштириб, илдизлари орқали тупроқни азот билан бойитади. Ўсимлик ўсув даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдириши натижасида тупроқ структураси яхшиланиб, биологик унумдорлиги ошади. Ушбу хусусиятига кўра, соя бугунги кун деҳқончилигида энг муҳим экинлардан бири ҳисобланади.

Жорий йилда мамлакатимизда 100 минг гектардан ортиқроқ майдонга соя ўсимлигини экиш режалаштирилган.

Дилором опа бир неча йилдан буён соя, махсар, кунгабоқар, зиғир, буғдой каби ўсимликларнинг агротехникаси билан шуғулланиб келгани учунми, унга ҳамкасблари, яқинлари баъзан "соя опа" деб ҳам мурожаат қилади.

"Суюқ олтин"

Зайтун мойи табобатда қадимдан ишлатилиб келинади, тиббиётда ҳам кенг қўлланилади. У кимёвий таркиби жиҳатидан она сути таркибидаги мойга яқин турадиган ягона ўсимлик ҳисобланар экан. Италия, Испания каби давлатларда унга "суюқ олтин" номи берилган. Боиси, ушбу давлатларда зайтун ўсимлиги энг катта даромад манбаи ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам зайтун етиштириладими, деган ҳақли савол туғилиши шубҳасиз. Дилором Ёрматовани ҳам айнан шу савол қийнар эди.

– Сурхондарё вилоятининг кейинги 20 йиллик тупроқ ва иқлим шароитини ўрганиб чиқдим, – дейди Дилором опа. – Дастлаб Туркиядан олиб келинган зайтун кўчатларини Сурхондарё вилоятининг субтропик ҳудуди – Олтинсой туманидаги “Жовли” фермер хўжалиги ерларига экдик. Зайтун етиштириш борасидаги илмий ишларимиз вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан қўллаб-қувватланди. 2002 йилда Ўзбекистон ерларида илк бор зайтун кўчатлари томир отди.

2004 йилдан 2005 йилга ўтар қиш совуқ келди. Дилором опа фарзандидек парваришлаётган ниҳолларини совуқ уришидан хавотирланди. Шукрки, зайтун кўчатлари қишдан омон-эсон чиқди. 2004 йили Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, 2005 йил Зангиота туманига ҳам зайтун кўчатлари экилди. Ниҳоят, Олтинсой туманидаги зайтун дарахтлари 2006 йил гуллаб, ҳосил берди ва мевалари пишиб етилди.

– Зайтунларингиз гуллади! Телефон орқали айтилган бу гап мен учун ҳақиқий хушхабар бўлди, – дейди Дилором Ёрматова. – Ахир уларнинг гуллашини неча йиллардан буён кутаётган эдим. Дам-бадам улардан хабар олиш, куну тун ўйлаш... Очиғи фарзанди улғайишини кутаётган онадек эдим. Зайтун дарахти камида минг йил яшайди. Агар мамлакатимизда зайтун дарахтини ўстириб, улардан ҳосил олишни йўлга қўйсак, жуда катта ютуққа эришамиз. Аҳолини сифатли, шифобахш зайтун мойи билан таъминлабгина қолмай, уни экспорт ҳам қилиш мумкин.

"Қоракўз" ва "Изумруд"

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олима аёл меҳнати ҳам таҳсинга лойиқ. Унинг Сурхондарё вилоятида олиб борган тажрибалари ижобий самара бергач, кўплаб фермер хўжаликларида зайтун кўчатлари экила бошланди. Турли мамлакатлардан, хусусан, Испаниядан 14, Озарбайжондан 2, Қрим ва Америкадан 4 хилдан зайтун навлари олиб келинди. Ўзбекистон тупроқ иқлим шароитига мослаштирилган "Қоракўз" ва "Изумруд" зайтун навлари яратилди. 2015 йили улар давлат реестрига истиқболли нав сифатида киритилди.

Тажрибаларга кўра, бир туп зайтун дарахтидан дастлаб 5-7 килограмм, кейинчалик 30 килограмм ва ундан кўпроқ ҳосил олинди. Демак, томорқага 6 туп зайтун дарахти экилса, йилига 180 килограмм мева, ундан 30 килограмм соф зайтун мойи олиш мумкин. Ўсимликнинг ер танламаслиги, унумдорлиги паст, қумлоқ, ўртача шўрланган майдонларда ҳам ўсавериши, вегетациясининг 5-6 йилларидан бошлаб кам сув ичишини инобатга олсак, мамлакатимизда ҳам ушбу ўсимликни парваришлаш истиқболли экани маълум бўлади.

Дилором Ёрматованинг айтишича, Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб бир неча йиллик адаптация натижасида 17 градус совуққа чидамли 4 хил навга эга бўлдик. 2016 йилдан бошлаб зайтуннинг совуққа чидамли навларини яратиш борасида Геномика ва биоинформатика маркази олимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Олима зайтун дарахтининг агротехникасини ўрганиш ва такомиллаштириш борасида ҳам изланишларни бошлаб юборган.

Бугунги кунда Cурхондарё, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги фермер хўжаликлари ва хонадонларда зайтунлар ўстирилмоқда. Зайтунзорларни янада кенгайтириш, ушбу ўсимликнинг янги навларини яратиш, бизнинг иқлимга мослаштириш ва ҳосилдорлигига эришиш аҳолини тоза зайтун мойи билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради, бундай маҳсулотларни четдан олиб келиш заруратини йўқотади.

Улуғ донишмандлар дунёнинг самари бўлган инсон ўз умрини эзгу ишларга бағишламоғи, шоду хуррамлик билан ўтказмоғи ва ҳар жиҳатдан камолот сари интилмоғи зарурлигини таъкидлаган. Ҳаётини илм-фанга бағишлаган Дилором Ёрматовага ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 860






Все о погоде - Pogoda.uz