Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 17:25 Чоп этиш версияси

Замонавий, сифатли, харидоргир

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида илғор архитектура ечимларидан фойдаланган ҳолда замонавий ва кўркам бино-иншоотлар қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда. Юқори технологияли қурилиш материалларига бўлган талаб ҳам шунга монанд ортаётир.

Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Айни пайтда 6 мингдан зиёд корхона шу йўналишда фаолият юритмоқда. Йилига 10 миллион квадрат метр ойна тайёрловчи “Кварц”, 60 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарувчи “Бухорогипс”, 20 миллион квадрат метр гипсокартон тайёрлаш қувватига эга “Кнауф Гипс Бухоро”, 3,5 миллион квадрат метр сопол плиткалари ишлаб чиқарувчи “Moderna Ceramic Industries Fergana” каби корхоналар шулар жумласидандир.

Фарғона шаҳридаги “Moderna Ceramic Industries Fergana” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Хитой ва Италия технологиялари асосида тайёрланаётган маҳсулотлар айни пайтда қўшни мамлакатларга экспорт ҳам қилинмоқда. 2016 йил иш бошлаган қўшма корхонада 150 нафар ёш иш билан таъминланган.

– Чет эл инвестициялари ва замонавий технологияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди қўшма корхона ижрочи директори Дилмурод Аҳмедов. – Ёш ва малакали мутахассисларимиз ишлаб чиқарилаётган 150 дан ортиқ турдаги деворбоп ва полбоп маҳсулотлар дизайнига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Фарғона вилоятида 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат йўналишида 752 лойиҳа амалга оширилди. Янги саноат корхоналари ишга туширилиши, мавжудларида ишлаб чиқариш модернизация ва диверсификация қилиниши ҳисобидан 8 триллион 103 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Фармацевтика, электротехника, машинасозлик, қурилиш соҳаларида лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобидан кўплаб янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 261






Все о погоде - Pogoda.uz