Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.11.2017 14:14 Чоп этиш версияси

Заъфароннинг биринчи ҳосили териб олинмоқда

Заъфароннинг биринчи ҳосили териб олинмоқда Заъфарон – шифобахш ўсимлик. Халқ табобатида у ўнлаб хасталикларни даволашда ишлатилади. Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг ёзишича, заъфарон рангни чиройли, кўзни равшан, юракни бақувват қилади, нафас йўллари соғлом бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбайжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади. Президентимиз ташаббуси билан энди уни юртимизда ҳам етиштириш бошланди.

7.JPG

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар қаторида доривор ўсимликлар етиштириш, жумладан, заъфарон (шафран) плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишган эди.

Президентимиз заъфарон плантацияларини ташкил этиш маҳаллий фармацевтика саноати учун хомашё манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этиши, мазкур ўсимликни етиштириш, келажакда уни кўпайтириш бўйича марказ фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди. Марказда доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари турини танлаш, илмий-тадқиқотларни йўлга қўйиш, ёш кадрларни соҳага йўналтириш, пировардида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

15.JPG

Ана шу кўрсатма ва топшириқларга асосан жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги муассислигида заъфарон ва бошқа турдаги доривор ўсимликлар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, кўпайтириш ва етиштиришга ихтисослаштирилган "Шафран" илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ҳозир бу марказда доривор ўсимликларни танлаш, улар устида илмий-тадқиқот олиб бориш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва экспортни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси "Brand Investment Group" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Голландиянинг "Mts Schipper Elberse" компаниясидан шафран тугунак пиёзлари харид қилиниб, жорий йилнинг август ойида Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган плантациялар айни пайтда гулга кирди. Шу кунларда унинг гулларини териш ишлари авжида.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ҳам ушбу шифобахш ўсимлик етиштирилмоқда. 21 гектар майдондаги плантацияда етиштирилган ўсимлик ҳосилини териб олиш ишларига 50 дан ортиқ ишчи жалб қилинган.

8 (1).JPG

– Юртимиз иқлим шароити ушбу ўсимлик ривожи учун жуда қулай, – дейди "Шафран" илмий-тадқиқот маркази директори, биология фанлари доктори, профессор Бобоқул Тўхтаев. – Ўсимлик агротехникаси у қадар катта меҳнат талаб қилмаса-да, ривожланишини доимо назорат қилиб бориш зарур. Айни кунларда унинг дастлабки ҳосили йиғиштириб олинмоқда. Бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ, Юқори Чирчиқ туманидаги заъфарон плантациясида ўсимликнинг тезроқ гулга киргани бизни қувонтирди. Биринчи йили гектаридан ўртача 2-2,5 килограмм қимматли хомашё олишни мўлжалламоқдамиз. Ҳозирда марказимизда барча ҳудудларда етиштирилаётган заъфароннинг энг яхши ривожланаётган намуналарини танлаб олиб, уларни кўпайтириш, маҳаллий иқлимга мос янги нав яратиш устида кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда.

Халқ табобатида азалдан турли касалликларни даволаш учун доривор ўсимликлар, шифобахш гиёҳлардан кенг фойдаланилган. Мазкур лойиҳанинг ишга тушиши заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни кўпайтириш, яхлит соҳа сифатида ихтисослаштириш, фармацевтика, парфюмерия ва озиқ-овқат саноатини маҳаллий хомашё билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 270






Все о погоде - Pogoda.uz