Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 18:06 Чоп этиш версияси

Юқори сифат, замонавийлик ва қулай нарх – корхона шиори

Юқори сифат, замонавийлик ва қулай нарх – корхона шиори 2016 йил сентябрь ойида Москвада ўтказилган “Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016” тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, техника ва технологиялари халқаро ярмаркасида "Sedat Triko Tashkent" масъулияти чекланган жамиятининг "Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлари юксак баҳоланди. Корхонанинг рақобатбардош, юксак дид ва замонавий дизайн билан ажралиб турувчи тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари хорижлик ҳамкорларга манзур бўлди. Корхона ярмарканинг махсус сертификатига муносиб топилди.

Мамлакатимизда тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, пахта толасини қайта ишлашни кенгайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта толасини қайта ишлаш билан бир қаторда тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмлари, матолар, гилам тўқиш, пайпоқ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги "2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

"Sedat Triko Tashkent" Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ип-калава, мато, турфа хилдаги тикувчилик-трикотаж товарлари, махсус кийимлар, пойабзаллар учун аксессуарлар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ички бозорга етказиб берилиши билан бир қаторда экспорт қилинмоқда. 2016 йилда экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан 70 фоизга ошди, 95 нафар янги иш ўрни яратилди.

– Фаолиятимизнинг дастлабки йилларида кийим-кечак ва пойабзаллар учун аксессуарлар ишлаб чиқариш билан шуғулланар эдик, – дейди корхона бош муҳандиси Ҳакан Оздемир. – Бугунги кунда маҳсулотларимиз турини кўпайтириб, уларни экспорт қилишга эришдик. Корхонамизга Италияда ишлаб чиқарилган замонавий тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Зеро, юртингизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича барча шарт-шароитлар яратилган.

2017-2018 йилларда корхона маҳсулотларини Европа бозорларига чиқариш режалаштирилган.

2016 йил корхонада янги инвестициявий лойиҳа амалга оширилди. Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида импорт ўрнини босувчи ва юқори сифатли акрил ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган фабрика ишга туширилди. Ҳозир бу ерда 150 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Жорий йилда "Sedat Triko Tashkent" корхонаси ва унинг Зарафшон шаҳридаги филиалида янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса экспорт ҳажмини ошириш, 50 нафар янги иш ўрнини яратиш имконини беради.

"Sedat Triko Tashkent" корхонаси халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу эса ички бозорни харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида уларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам бермоқда. Корхонанинг «Tommy Walker» бренди остида ишлаб чиқарилаётган ўсмирлар ва ёшларга мўлжалланган тўқимачилик маҳсулотлари сифат ва ҳамёнбоплиги билан хорижлик ҳамкорларга манзур бўлаяпти. «Сeylan» бренди остида эса чақалоқлар учун маҳсулотлар ассортименти етказилиб берилмоқда.

Азима Қиёсова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
4 326






Все о погоде - Pogoda.uz