Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 17:42 Чоп этиш версияси

Юқори ҳосилдорлик омили

Юқори ҳосилдорлик омили Навоийда “Янги турдаги минерал ўғитлар – юқори ҳосилдорлик, хавфсизлик ва иқтисодий барқарорлик омили” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

“Навоийазот” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган ва “Ўзкимёсаноат”, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ходимлари, фермерлар иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ошириш, ишлаб чиқарувчилар ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, ердан унумли фойдаланиш самарадорлигини юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Семинар доирасида заводда ишлаб чиқарилган янги турдаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилгани фермерларга қўшимча қулайлик яратди, – дейди “Навоийазот” акциядорлик жамияти ходими Сулаймон Дўстмуродов. – Хусусан, бентоселитра, калций-аммиакли, калций-магнийли селитра маҳсулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу минерал ўғитлар ўзига хос хусусияти билан ажралиб туради. Масалан, намликни ўзида узоқ сақлаб турадиган бентоселитра чўл ҳудудидаги суғориладиган ерлар учун жуда қулай. Бентоселитра иссиқликка чидамли ва ёнғинга хавфсиз аммиакли ўғитдир. Селитра гранулаларига бентонит моддаси билан ишлов берилганда унинг намликни сақлаш хусусияти, мустаҳкамлиги янада ортади. Бентонит ўғитдаги фаол моддаларнинг ўсимликлар томонидан ўзлаштирилишини енгиллаштиради. Бентоселитра қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ўртача 10 фоизга оширади, маҳсулотлар таркибидаги озуқавий моддалар миқдорини кўпайтиради. Селитра таркибидаги бентонит моддаси тупроқдан ўсимлик учун заҳарли бўлган элементларни сўриб олади. Бентоселитрани қўллаш тупроқнинг намлик билан таъминланишини яхшилайди, биологик фаоллигини кучайтиради, таркибидаги микроорганизмлар миқдорини оширади. Азотли ўғитларнинг портлаш хавфи пасайтирилгани ўз-ўзидан маҳсулот таннархи янада арзонлашишига хизмат қилади.

Тадбирда саноат корхоналари мутахассислари, олимларнинг кимёсаноатда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш истиқболлари, ўсимликларни турли зараркунанда ва ҳашаротлар, хавфли касалликлардан ҳимоя қилишда кимёвий аралашмалар тайёрлашнинг янги босқичлари хусусида маърузалар тингланди.

– Фермер хўжалигимиз тасарруфида 81 гектар экин майдони мавжуд, – дейди Кармана туманидаги “Севолтепа равнақи” фермер хўжалиги раиси Абдураззоқ Ризаев. – Ерга ишлов беришда табиий ўғитлар билан бирга, минерал ўғитлардан ҳам кенг фойдаланамиз. Асосан азотли кимёвий ўғитлар ёнувчанлиги ва портловчанлик хусусияти юқорилиги сабаб, ички ишлар идоралари томонидан қатъий назорат этилиб, белгиланган миқдорда фермерларга етказиб берилар эди. Бу маҳсулот нархининг ортиши, техника харажатлари ортиқча сарфланишига олиб келарди. Мана бу янги турдаги маҳсулот биз, фермерларга муҳим янгилик бўлди.

Семинарда илмий тадқиқотчилар ва кимё саноати корхоналари ўртасида инновацион лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
805






Все о погоде - Pogoda.uz