ЎзА Ўзбек

14.03.2018 12:19 Чоп этиш версияси

Йирик давлат корхоналари 10 фоизи соф фойдасини инновацион фаолиятга йўналтиради

Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Намунавий низом тасдиқланди, дея хабар берди чоршанба куни Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали. 

Намунавий низомга асосан хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналари Жамғарма учун ажратиладиган маблағлари унга хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидан бирида очиладиган махсус ҳисоб рақамида жамланади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларда сарфланади:

- янги техника ва технологияларни ишлаб чиқиш, зарур тажриба-саноат синовларини ўтказиш; 

- илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича тузилган шартномаларни молиялаштириш;

- илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг моддий-техник ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, илмий-техник ходимларни моддий рағбатлантириш ва малакасини оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари қайтариб олинмайди ва келгусида фойдаланиш учун хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарининг махсус ҳисоб рақамида сақланади.

ЎзА
8 066