Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Ёшлар бандлиги: янги имкониятлар

Ёшлар бандлиги: янги имкониятлар “Ўзэкспомарказ”да “JobFair – 2017” ўнинчи ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.

MyJob.uz амалий тармоғи ва “Карьера+” газетаси таҳририяти томонидан ўтказилган тадбирнинг очилишида мамлакатимизда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлаётир.

Стратегияда мамлакатимизда янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув юрти муассасаларининг битирувчилари бандлигини ҳамда меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилма ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига мувофиқ 2016/2017 ўқув йилидаги 450 минг битирувчини иш билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, 800 дан ортиқ ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркасини бевосита касб-ҳунар коллежларида ўтказиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган талабаларга 360 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш, ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган коллеж битирувчилари учун 50 мингта иш ўрнини банд қилиш режалаштирилган.

Анъанавий “JobFair” бўш иш ўринлари ярмаркаси меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш ва ёшлар ўртасида бандликни оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Унда таълим муассасалари битирувчилари ва тажрибали мутахассислар ўзларига мос иш топиш, корхона ва ташкилотлар бўш ўринларига муносиб номзодларни танлаб олиш имконига эга бўлмоқда.

Ярмаркада Ўзбекистонда турли йўналишларда фаолият юритаётган етмишта компания иштирок этди.

– Мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари жадал тараққий этаётгани самарасида соҳада юқори малакали кадрларга бўлган талаб ортиб бормоқда, – дейди “Еаst Telecom” масъулияти чекланган жамияти ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Малика Мақсудова. – Бугунги кунда жамоамизнинг 70 фоиздан ортиғи ижодкор ва ташаббускор ёшлардан иборат. Сафимизни ёш мутахассислар билан янада кенгайтириш мақсадида бугунги ярмаркада янги иш ўринлари таклиф этмоқдамиз.

– Бу каби ярмаркалар малакали ходимларни жалб қилиш учун жуда қулай майдондир, – дейди “Woodman Group” қўшма корхонаси ходимларни танлаш бўйича менежери Альбина Ҳафизова. – Биз бугун 30 га яқин турли мутахассисликлар бўйича иш ўринлари таклиф этдик. Бу анжуман компаниямизда эҳтиёж юқори бўлган мутахассисларни топиш ва ишга таклиф қилиш учун айни муддао бўлди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олиш мақсадида 24-28 апрель кунлари “JobFairOnline – 2017” онлайн-ярмарка ҳам ўтказилади. Талабгорлар www.jobfair.uz интернет портали орқали онлайн тарзда иштирок этиб, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиши ва ишга жойлашиши мумкин бўлади.

Беҳзод Бозоров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
5 713






Все о погоде - Pogoda.uz