“Ёшлар қаноти”нинг янги лойиҳалари
Бухорода Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қўш лойиҳани амалга оширди.
Бухорода Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қўш лойиҳани амалга оширди.“Ёшлар бандлигини таъминлаш – энг муҳим вазифамиз” шиори остида “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонасида ўтказилган тадбир шулардан бири. Вақтинча ишсиз, уюшмаган ёшлар замонавий корхона цехлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Натижада қатор ёшлар ишли бўлди.
– Касб-ҳунар коллежини битиргач, ўзимга маъқул иш тополмай турган эдим, – дейди Б.Темиров. – Пилла хомашёсини қайта ишлаш корхонасининг йигирув цехига ишга кирдим. Оиламиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.
Шу куни Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ўтказилган тадбир ҳам ёшлар ҳаётида қувончли воқеа бўлди. Бу ерда “Ёш либераллар” клуби ташкил этилди.
– Партиянинг асосий дастурий мақсадлари орасида ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун яратилган кенг шароит ва имкониятларни тарғиб этиш муҳим ўрин тутади, – дейди партия вилоят кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири А.Ҳакимов. – Негаки, навқирон авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ёшларнинг депутатлик фаолияти билан яқиндан танишиши учун имконият яратиш, вакиллик органларига сайланадиган депутатликка номзодларни тарбиялаш ва тавсия этиш, партия “Ёшлар қаноти” ташаббускор йигит-қизларни ўз атрофида бирлаштириши ниҳоятда долзарб вазифа.
Юқоридаги масалаларга ечим топишга кўмаклашиш ўз атрофига 9 мингдан зиёд ёшларни бирлаштирган “Ёшлар қаноти” ҳузуридаги “Ёш либераллар” клубининг асосий вазифаси экани таъкидланди.
Иштирокчилар янги лойиҳа юзасидан фикр алмашди. “Ёш либераллар” клуби ташкил этилиб, унинг “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш маркази” ва “Келажак депутатлари” гуруҳлари шакллантирилди.