Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 15:41 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркор ва фермерларнинг ечимини кутаётган муаммолари муҳокама қилинди

Бухорода ёш тадбиркор ва фермерларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олот, Жондор, Когон, Қоракўл, Қоровулбозор туманлари, Бухоро, Когон шаҳарларидан ёш тадбиркорлар, соҳага қизиқиш билдирган йигит-қизлар иштирок этди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Бухоро вилоятида ҳам ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Марказий банк вилоят бош бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 863 ёш тадбиркорга 23,7 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. Натижада юзлаб янги иш ўринлари яратилган.

Тадбирда ёш тадбиркор ва фермерларнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги фаолиятини янада ривожлантириш борасида ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинди.

– Мен “Оққош Бўрон замини” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбариман, – дейди ёш фермер Нозигул Жўраева. – Давлатга пахта ва ғалла сотиш режасини мунтазам бажариб келамиз. Айни пайтда чорвачилик тармоғини ҳам ташкил этганмиз. Аммо уни ривожлантириш учун озуқа базаси мустаҳкам бўлиши керак. Шу мақсадда унумдорлиги паст, яхши ҳосил бермаётган ердан озуқабоп экинлар учун 10 гектар ажратилишини сўраб, ваколатли ташкилотларга мурожаат қилдик, натижа бўлмади. Агар бу масала ҳал этилса, чорвачилик янада ривожланган, бир неча иш ўрни яратилган бўларди. Қолаверса, ерга беда экилса, тупроқ структураси ўзгариб, унумдорлиги ошади.

– Алоқа хизмати йўналишидаги “Paynet” шохобчамиз хизматидан мижозлар мамнун, – дейди Қоракўл туманидан ёш тадбиркор Умид Рўзиев. – Талаб ва эҳтиёжни ҳисобга олиб, фаолиятни кенгайтиришни режалаштирганмиз. Бунинг учун 20 миллион сўм миқдорида кредит керак. Лекин тижорат банки ходимлари ҳозирча ресурс масаласида муаммо борлигини айтишди. Агар кредит тезроқ ажратилса, бу сармоя ҳисобига компьютер ва тегишли бошқа техник жиҳозлар харид қилардик. Бу яна беш нафар ёшни ишга қабул қилиш имкониятини яратади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши масъул ходимлари Б.Мирзатов, А.Ҳидоятов, банк, солиқ ва кадастр ташкилотлари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ёшларга савол ва мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берди. Аксарият мурожаат ва муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди.

“Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси, “ДЭУ текстайл” хорижий корхонаси Бухоро филиалига уюштирилган саёҳат тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Ёш тадбиркор ва фермерлар иштирокидаги бундай мулоқот Ғиждувон туманида ҳам ўтказилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 650






Все о погоде - Pogoda.uz