Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:37 Чоп этиш версияси

Ёш педагоглар ишли бўлмоқда

Сурхондарё вилояти туман ва шаҳарларида ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларида 2 минг 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган ярмаркаларда педагоглар ва жорий йилда олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассислар иштирок этмоқда.

Термиз шаҳрида ташкил этилган шундай ярмаркада 140 киши ўз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди.

– Таълим муассасамизда 6 бўш иш ўрни мавжуд эди, – дейди Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби директори вазифасини бажарувчи Насиба Набиева. – Ушбу тадбир математика, рус тили, жисмоний тарбия, инглиз тили ва меҳнат таълими фанлари бўйича вакант ўринларимизни тўлдириш имконини берди.

Бўш иш ўринларига ишга қабул қилинган ўқитувчиларнинг кўпчилиги жорий йилда олий таълим муассасаларини битирган ёшлардир.

– Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси йўналишини шу йил тамомладим, – дейди Термиз шаҳридаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Хадича Жўраева. – Бугун ўз мутахассислигим бўйича 10-умумтаълим мактабига ишга жойлашдим. Янги ўқув йилидан навқирон авлодга инглиз тилидан сабоқ бераман. Бундан жуда хурсандман.

Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятда 658 умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Янги ўқув йили арафасидаги таҳлиллар жараёнида умумтаълим мактабларида инглиз тили, бошланғич таълим, рус тили ва адабиёти, кимё, информатика, она тили ва адабиёт фанлари бўйича педагог-мутахассисларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Жойларда ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари мазкур муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 109






Все о погоде - Pogoda.uz