Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 17:21 Чоп этиш версияси

Ёнғоқ экинг, кам бўлмайсиз

Халқимизда «Бир туп ёнғоқ эксанг, ҳосилидан етти авлодинг баҳраманд бўлади», деган гап бор. Бу бежиз эмас. Ёнғоқ дарахти 300-400 йил яшаб, ҳосил бергани боис ундан бир неча авлод бемалол баҳраманд бўлади.

Ёнғоқдан узоқ йиллар давомида 250-300, ҳатто 500 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Қолаверса, бу унчалик кўп меҳнат ва харажат талаб қилмайди. Шундай экан, икки-уч туп ёнғоғи бор оила бир йилда қанча даромад олишини ҳисоблаш қийин эмас.

– Қишлоғимизда ёнғоқ дарахти йўқ хонадонни топиш қийин, –дейди Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи Ҳамид Раҳимов. – Ёнғоқ дарахти ер танламайди, тоғда ҳам, даштда ҳам ўсаверади. Ҳовлимизда беш туп ёнғоқ ўсаяпти. Ҳар йили уларнинг ҳар биридан 3-4 қопдан ҳосил йиғиштириб, яхшигина даромад олаяпмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятларга ташрифи чоғида хонадонларда бўлиб, лимон, ёнғоқ, анор, бодринг каби сердаромад дарахт ва экинлар экиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Ана шундай эътибор самарасида юртимизнинг тоғли ҳудудларида 30 минг гектар ёнғоқзор барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

– Ўстириб кўпайтирилган кўчатлар асосида ёнғоқзор ташкил этилса ҳам тоза навли боғ бўлиб шаклланади, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Равшан Абдуллаев. – Ёнғоқни мамлакатимиз тоғ ва тоғолди ҳудудларида, дарё-сойлар бўйида, қир-адирлар ҳамда текисликларда, аҳоли томорқаларида етиштириш мумкин. Ёнғоқ намгарчиликка талабчан, қуёшсевар ва иссиқсевар дарахт. Парваришлаш қийин эмас. Мисол учун, ёнғоқнинг “Чантлер” навининг меваси йирик, пўчоғи юпқа ва мағзи оқ бўлиб, бозор талабига тўла жавоб беради. Бу навли ёнғоқ тоғли ҳудудларга 8х4 метр ўлчамда экилади. Шунда гектарига 200 туп жойлашади. Икки йиллик кўчат экилгач, у уч йилдан сўнг ҳосилга киради. 8 йиллик ёнғоқ ўртача 40 килограмм ҳосил беради. Шунда 1 гектар майдондаги ёнғоқзордан 8 тонна ҳосил олиш имконияти яратилади. Агар ёнғоқнинг нархи ўртача 10 минг сўм эканини инобатга олсак, шу пайтгача фойдаланилмаган тоғолди ҳудуддаги 1 гектар майдондан 80 миллион сўм даромад олинади деганидир. 15-20 ёшли бир туп дарахт 180-200 килограммгача ҳосил беради.

Ёнғоқ дарахти – кони фойда. Ёғочи мебелсозлик саноати учун қимматбаҳо хомашё бўлса, баргидан тортиб мевасигача шифобахш хусусиятга эга. Халқ табобатида ёнғоқнинг барглари, гуллари, мева ғўраси, пўстлоғи, пўчоғи, мағзининг пўстлоғи ва мойидан кенг фойдаланилади. Масалан, ёнғоқ ғўраси камқонликда наф берса, ундан тайёрланган мураббо гипертония, қандли диабетни даволашда яхши самара беради. Баргларидан тайёрланган дамлама меъда яраси, атеросклероз, шунингдек, йирингли яраларга тавсия қилинади. Баргининг қайнатмаси соч тўкилишининг олдини олиб, ўсишини тезлаштиради.

Шундай экан, ёнғоқ экинг, асло касал бўлмайсиз. Бу фикримизни буюк табиб Абу Али ибн Сино асарлари ҳам тасдиқлайди. Мисол учун, ёнғоқ япроғи шираси илиқ ҳолда қулоққа томизилса, йиринглашнинг олди олинади. Қобиғининг қуюлтирилган шираси томоқ оғриғини босиб, йўталга малҳам бўлади. Қовурилгани киндик устига қўйилса, ичак оғриқларини босиб, ич кетишини тўхтатади. Ёнғоқ мағзи, айниқса, жуда фойдали. Унинг таркибидаги темир, фосфор, мис, серотин моддалари, мой ва оқсил таом ҳазмини яхшилайди, қувватни ошириб, асаб тизими фаолиятини меъёрлаштиради.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари, Фарғона водийси ва Жиззах вилоятининг тоғолди минтақалари, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг тоғли минтақалари истиқболли ҳисобланади.

Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида 2 гектар майдонда ёнғоқ кўчати етиштириш учун ҳозирлик кўрилмоқда. Келгуси йилда Ургут туманининг 4,5 минг гектар тоғолди ва дашт ҳудудига ёнғоқ экилади. Шу кунларда махсус дастур асосида нафақат ушбу ер майдонлари, балки туманда ёнғоқдан ташқари бодом, ток, унаби каби экинларни экишга мўлжалланган 10 минг 200 гектар ва Жомбой туманининг 300 гектар тоғолди ҳудудидаги майдонлар ҳам боғлар ташкил этиш учун ўзлаштирилмоқда.

Мазкур институтнинг Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станциясида ҳам ёнғоқ бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бунда табиий танлаш йўли билан ёнғоқнинг юқори, барқарор ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга ҳамда муҳитнинг стресс омилларига чидамлилиги билан ажралиб турувчи, лалми, тоғ ва тоғолди шароитларида саноат асосида етиштириш учун юқори хўжалик сифатларига эга бўлган истиқболли маҳаллий турлари аниқланмоқда.

– Тажриба станциямизнинг коллекцион кўчатзорида ёнғоқнинг 29 нави мавжуд бўлиб, маҳаллий ва интродукция қилинган навларнинг хўжалик-биологик хусусиятлари ўрганилиб, истиқболли навлар ажратилди, – дейди Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станцияси директори Каримжон Абдуллаев. – Сунъий дурагайлаш ва табиий танлаш услубида тоғ-тоғолди минтақасидаги ёввойи ва маданий ёнғоқзорлар орасидан ёнғоқнинг юзлаб қимматли дурагай ва бошқа турлари орасидан тўртта нав районлаштирилди.

Шу ўринда хорижий давлатлардан олиб келинаётган ёнғоқ кўчатлари бизнинг тупроқ-иқлим шароитимизга мос келадими-йўқми, деган савол кўпчилик учун қизиқарли бўлиши табиий. Бу борада олимларимиз юртимиз шароитига мос ёнғоқ турларини пайвандтаг орқали кўпайтириш муҳимлигини, бундай кўчатлар яхши ўсишини қайд этишмоқда. Пайвандтагларга четдан олиб келинган ва юртимизда ўсадиган аъло даражадаги навлар ва дурагайларни пайванд қилиб, тоза навли боғлар барпо қилиш иқтисодий жиҳатдан янада самаралидир.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 659






Все о погоде - Pogoda.uz