ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Япониянинг “Шимизу” компанияси Тошкентда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди

Япониянинг “Шимизу” компанияси Тошкентда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Япониянинг “Шимизу” (Shimizu Corporation) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ҳокимнинг инвестиция ва экспорт масалалари бўйича ўринбосари Шароф Раҳмонов Япония бугун жуда кўп соҳаларда илғор эканлигини таъкидлаб, кунчиқар мамлакатнинг йирик компаниялари билан икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги учун аҳамиятли эканлигини қайд этди.

Ўз навбатида, “Шимизу” корпорациясининг халқаро ҳудудий менежери Ивата Такаши ҳам Ўзбекистон пойтахтидаги шароит ва имкониятларни ўрганиб чиққанлигини маълум қилиб, ўзаро ҳамкорлик юзасидан бир қанча лойиҳаларни таклиф этди.

Япония компанияси шаҳардаги тозалаш иншоотлари ишини янада яхшилаш учун эскирган қувурларни ердан чиқармай туриб таъмирлаш ҳамда оқова сувларни мембранали тозалашга мўлжалланган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича таклиф берди.

Шароф Раҳмонов иккала йўналиш ҳам пойтахт учун аҳамиятли эканлигини қайд этиб, бу масалада тегишли мутахассислар билан мулоқот давом эттирилишини маълум қилди.

Шунингдек, Япония делегацияси томонидан маълум бир туман ёки даҳада иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, “Сергели сити” қурилишида иштирок этиш, қуёшли панеллар ўрнатилган, тежамкор автобусларни жорий қилиш ва жамоат транспортини бошқариш тизимини оптималлаштириш масаласида ҳамкорликда ишлашга қизиқиш билдирилди.

Учрашув якунида икки томон ҳам ҳамкорликнинг амалий босқичига қадар мулоқотлар давом этишини таъкидлаб ўтишди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Матбуот хизмати

2 362
ЎзА