Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 18:13 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” VI халқаро кўргазмаси иш бошлади

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” VI халқаро кўргазмаси иш бошлади “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан ташкил этилган кўргазмада уюшма таркибидаги корхоналар билан биргаликда ҳудудлардаги корхоналар ҳамда чет эллик ҳамкорлар иштирок этмоқда. 

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари изчил модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланаётгани, хорижий ҳамкорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратиб берилаётгани натижасида чарм-пойабзал саноатида юксак самарадорликка эришилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Юртимизда 770 га яқин корхона терини қайта ишлаш, чарм-атторлик ҳамда пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Соҳага татбиқ этилаётган имтиёзлар янги корхоналар ташкил этилиши, ишлаб чиқариш қувватларининг муттасил ошиши, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.

Еттинчи марта ўтказилаётган “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар” халқаро кўргазмасида саксондан ортиқ маҳаллий, йигирмага яқин хорижий корхона ва ташкилот иштирок этмоқда. Улар томонидан 2 минг 500 хилдан зиёд пойабзал ва тикувчилик маҳсулотлари, чарм, газлама, мўйна ва қоракўлдан ишланган аксессуарлар намуналари намойиш этилмоқда. Иштирокчилар стендларида, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар, технологиялар ва фурнитураларни ҳам кўриш мумкин.

– Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, имтиёзлар берилаётгани фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Clasica Shoes International” қўшма корхонаси бош менежери Илҳом Назаралиев. – Чунончи, йигирма йил аввал бир неча ўн турдаги пойабзал маҳсулотлари билан ўз фаолиятини бошлаган корхонамиз бугунги кунда минг турдан ортиқ эркаклар ва болалар оёқ кийимини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотларимизга нафақат маҳаллий бозорда, балки Қозоғистон, Россия сингари мамлакатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Россияга жорий йилда 100 минг жуфт пойабзал экспорт қилишни режалаштирганмиз.

– Болалар пойабзалларини ишлаб чиқариш мамлакатимиз тадбиркорлари фаолиятининг асосий йўналишлардан бири ҳисобланади, – дейди “Эркатой болажон” масъулияти чекланган жамияти технологи Муҳаббат Норова. – 2013 йилдан буён болаларга мўлжалланган ортопедик оёқ кийимлар ишлаб чиқармоқдамиз. Юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда ҳозирги пайтда эллик турдан зиёд ортопедик пойабзаллар тайёрланмоқда.

5 (14).JPG

Енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар нафақат юқори сифати, балки замонавий дизайни билан ҳам ажралиб туради. Шу боис бундай маҳсулотларга жаҳон бозорида талаб катта бўлиб, ўнлаб давлатларга экспорт қилинаётир. Тошкент шаҳридаги “Еlegant shoes” корхонаси таъсисчиси Жўрабек Отабековнинг қайд этишича, корхонада тайёрланаётган пойабзал маҳсулотларига бўлган талаб муттасил ортиб бормоқда. Айни пайтда корхона ўз маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон, Россия ва Озарбайжон мамлакатларига экспорт қилмоқда, Европа бозорларига чиқиш мўлжалланмоқда.

Кўргазма мамлакатимиз тадбиркорларига хорижлик ҳамкорлар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. “Химическое производство” унитар корхонаси (Беларусь Республикаси) томонидан таклиф этилаётган пойабзал, галантерея, мебель, қурилиш ва бошқа саноат тармоқларига мўлжалланган турли елимлаш материаллари, “Фотиҳ Ўқчи” корхонасининг (Туркия) пойабзал ишлаб чиқаришда зарур бўладиган ҳар хил аксессуарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эътиборини тортмоқда.

– Аввал ўтказилган кўргазмалар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар юқори сифати ва замонавий дизайни билан ажралиб туриши, хорижий маҳсулотлардан бир неча баробар арзон эканини намойиш этди, – дейди “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Шарифжон Шералиев. – Кўргазма давомида корхоналаримиз томонидан мамлакатимиздаги ва чет эллик ҳамкорлар билан маҳсулотларни сотиш ёки сотиб олиш бўйича ўзаро шартномалар тузилади. Бу кооперацион алоқалар ва чет эл корхоналари билан ҳамкорликнинг ривожланишига, импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турлари яратилишига, экспорт ҳажмининг ошишига хизмат қилади.

Кўргазма доирасида Россия Федерациясининг Чарм ва пойабзал ишлаб чиқариш уюшмаси ва Қозоғистон Республикасининг Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш уюшмаси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича халқаро форум ўтказилади.

“Энг яхши пойабзал дизайни учун”, “Энг яхши чарм атторлик маҳсулотлари дизайни учун”, “Энг яхши чарм маҳсулотлари учун”, “Энг яхши кийим-кечак дизайни учун”, “Энг яхши стенд”, “Энг фаол иштирокчи учун” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.

Кўргазма якунида экспорт шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланади.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев сўзга чиқди.

Беҳзод Бозоров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
4 245






Все о погоде - Pogoda.uz