Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 14:41 Чоп этиш версияси

Яккабоғ далаларидан экспортга

Яккабоғ далаларидан экспортга Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Дармон шарбатлари” мевани қайта ишлаш корхонасида тайёрланаётган шарбатлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага замонавий технлогияларни кенг татбиқ этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бермоқда. Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қашқадарё вилояти миришкорлари томонидан 2016 йилда аҳоли дастурхонига 1,5 миллион тоннага яқин мева-сабзавот етказиб берилди.

3.jpg

Қуёш нурига тўйинган, унумдор ва баҳаво ҳудудларда пишиб етилган сархил ноз-неъматлар ғоят мазали ва фойдали дармондориларга бой бўлади. Шу боис бундай маҳсулотларни юртдошларимиз ҳам, хорижликлар ҳам бирдек севиб истеъмол қилади.

Мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда вилоятда бу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда фаолият бошлаётган корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир. 2016 йилда вилоятда 10 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот қайта ишланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич янада ортиши кутилмоқда.

11.jpg

Яккабоғ туманидаги “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли "Дармон шарбатлари" мевани қайта ишлаш корхонасида 1,5 ва 3 литрлик идишларда қадоқланган мева шарбатлари ишлаб чиқарилмоқда.

– Фаолиятимизни яқинда бошлаганимизга қарамай, ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 12 тоннага етказдик, – дейди корхона технологи Ғофур Жўраев. – Замонавий, энергия тежамкор ускуналар бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Айни пайтда асосан олма шарбати тайёрлаб, ички бозорга чиқармоқдамиз. Бизда узум, анор ва бошқа бир қатор сабзавот маҳсулотларини ҳам қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш имконияти мавжуд. Цехларимиз тўла қувват билан ишлай бошлагач, маҳсулотларимиз тури еттитага етади.

Заводда ишлаб чиқариш жараёни босқичма-босқич йўлга қўйилган. Ускуналар мураккаб вазифаларни автоматик равишда бажариши боис иш унуми ва маҳсулот сифати юқори. Ушбу технологиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, шарбат мева-сабзавот сувини сиқиб олиш орқали тайёрланади. Дастлаб хомашё яхшилаб ювиб сараланади, сўнгра майдалагичдан ўтказилади. Олинган суюқлик эса фильтрланиб, махсус идишларда 80 градусгача ҳароратда қиздирилади. Бу шарбат таркибида мева-сабзавотнинг табиий хусусиятлари сақланиб қолишига имкон беради. Тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланади.

14.jpg

Маҳсулот аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларидан харид қилинмоқда. Қолаверса, бундан 3 йил аввал 20 гектар майдонда ташкил этилган интенсив боғ ҳам мевага кирган. Жорий мавсумда боғдаги ҳар бир олма дарахтидан ўртача 20-30 килограммдан ҳосил йиғиб олинмоқда. Улар тўлиғича қайта ишлашга йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу каби истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилаётгани натижасида 30 га яқин иш ўрни яратилади.

– Яккабоғ агросаноат касб-ҳунар коллежини битирганман, – дейди Яккабоғ туманидаги Эсат қишлоғидан Наргиза Нармонова. – Туманимизда мана шундай замонавий саноат корхонаси ишга туширилгани айниқса, биз, ёшлар учун жуда қулай бўлди. Мева-сабзавотларни тозалаш ускунасида ишлайман. Корхонамизда ишчилар учун барча шароит яратилган.

Саноат корхоналари орасида мустаҳкам ўрин эгаллаётган ушбу корхона маҳсулотлари сифати ва қулайлиги билан йирик буюртмачиларга ҳам манзур бўлмоқда. Корхона вакиллари жорий йил 6-8 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар махсус стендда кенг истеъмолчилар эътиборига ҳавола этилди. Сархил мева-сабзавотлардан тайёрланган табиий шарбатлар чет эллик харидорларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, россиялик ҳамкорлар сотиб олиш истагини билдирган ва келишувларга эришилган.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
5 386






Все о погоде - Pogoda.uz