Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 12:52 Чоп этиш версияси

“Ягона дарча” – тадбиркорга кўмакчи яхлит тизим

“Ягона дарча” давлат хизматлари кўрсатиш марказлари тадбиркорларнинг мушкулини осон қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида «ягона дарча» марказлари фаолияти янада такомиллаштирилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори шу мақсадга хизмат қилмоқда.

«Ягона дарча» марказларида тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларнинг инженерлик коммуникация тармоқларига уланиши, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, турар жойни нотурар жойга айлантириш каби масалалар бир жойда ҳал бўлади.

– Мамлакатимизда 194 “ягона дарча” маркази ташкил этилган бўлиб, улар аҳолига қулай бўлган жойда, барча шарт-шароит яратилган ҳолда иш юритмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “ягона дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Нўъмон Муҳаммадиев. – Уларда танлов асосида олинган олий маълумотли мутахассислар фаолият кўрсатаётир. Марказлар барча ҳуқуқий ахборотлар, қўлланмалар билан таъминланган. Ўтган йилда юз мингдан зиёд тадбиркорлик субъектига давлат хизматлари кўрсатилди.

Соҳада амалга оширилган ишларнинг таҳлили тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этди. “Ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, улар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда тизимли ёндашувни ҳамда уларнинг бошқа давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаш зарурияти пайдо бўлди.

Адлия вазирлиги томонидан компьютер тизими орқали марказлар билан давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар ўртасидаги жараёнлар доимий равишда мониторинг қилиб борилгани, бунинг натижасида айрим ҳолатларда давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган муддат ва тартибларига риоя этилмаётгани шуни тасдиқлайди. Ўтказилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан кўрилган таъсир чоралари натижасида 729 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 31 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 570 нафар шахсга суднинг қарорига асосан маъмурий жазо белгиланган.

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришга оид қарор асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Жойларда халқ билан бевосита мулоқотнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар бегиланди.

Қарор билан туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “ягона дарча” марказлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу “ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради.

Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказлари зиммасига юклатилади. Бундай чора тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг мавжуд тарқоқ тизими ўрнига янги, яхлит тизимни яратишга қаратилган.

Қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, унда тадбиркорлик субъектларининг ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлигининг бевосита мулоқот қилмайдиган шаклларини янада кенгайтиришга эътибор қаратилган. Зеро, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун турли давлат органларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда. Лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмаяпти. Кўпчилик давлат хизматлари, афсуски, ҳали ҳам анъанавий усулларда, қоғоз шаклида кўрсатилмоқда. Буларга барҳам бериш мақсадида “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси яратилиб, 2017 йилнинг I чорагида ишга туширилади.

Мазкур тизимда “ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шаклда рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш мумкин. Тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсатнома ва лицензиялар олиш тўғрисида электрон шаклда ариза бериш имкониятини яратган ҳолда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомиллари автоматлаштирилади.

Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича қаерда ва қай тарзда мурожаат қилганидан қатъи назар, рухсатнома ва лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишнинг бориши ва натижасини кузатиш ҳамда рухсатнома ва лицензиялар реестрларидан маълумот олиш имконияти яратилади. Тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек, амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси доирасида олиш имконияти яратилади. Шу йўл билан “ягона дарча” марказлари орқали қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензияларни мажбурий расмийлаштириш талаби 2018 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади.

Ана шундай ижобий амалиётни янада кенгайтириш мақсадида қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари юқоридаги лицензия ва рухсатномаларни олиш учун бошқа идораларга бормасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган “ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. “Ягона дарча” марказлари барча зарур келишиш тартиб-таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади.

Бу каби чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатлари вужудга келишига йўл қўймасликка замин яратади. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлиги янада ошади. Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш янги сифат босқичига кўтарилади. Аҳолининг давлатга нисбатан ишончини оширишга, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояни ҳаётга кенг жорий этишга кўмаклашади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 002






Все о погоде - Pogoda.uz