Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 19:35 Чоп этиш версияси

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси ўз фаолиятини бошлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига кўра, Самарқанд вилоятининг Ургут, Пастдарғом ва Нуробод туманларида 816 гектар ер майдонига эга бўлган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди.

Ўтган вақт мобайнида эркин иқтисодий зона дирекцияси фаолият бошлаб, ҳудудда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ишлаб чиқилди. 2017-2018 йилларда бу ерда 281,1 миллион долларлик 80 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган ва бунинг cамарасида 5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Айни пайтда 50 га яқин лойиҳа тасдиқланиб, уларни ҳаётга татбиқ этишга киришилмоқда.

Эркин иқтисодий зонада фаолият бошлаётган 39 тадбиркорлик субъектига тантанали равишда гувоҳномалар топширилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят божхона, молия бошқармалари ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари эркин иқтисодий зонанинг афзаллиги, унда тадбиркорга яратиладиган имкониятлар, давлат томонидан бериладиган имтиёз ва енгилликлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, иқтисодий зонада амалга ошириладиган лойиҳалар, уларни танлаш ва тасдиқлаш жараёни тушунтирилди.

– 2018 йилдан фаолиятимизни бошлаб, йилига 2,5 миллион дона энергия тежамкор, замонавий LED лампочкалари ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз, – дейди “Maroqand kabel invest” масъулияти чекланган жамияти директори Ў.Облоёров. – Умумий қиймати 1,5 миллион доллар бўлган лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағ ва банк кредити ажратилган. 40 дан зиёд иш ўрни яратиладиган корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулот ички бозор эҳтиёжини қондириш билан бирга, хорижга экспорт қилинади. Бугун топширилган гувоҳнома бизга эркин иқтисодий зонада имтиёзлардан самарали фойдаланиб, фаолият кўрсатиш имконини беради.

Тадбирда иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 541






Все о погоде - Pogoda.uz