Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 20:03 Чоп этиш версияси

Қулай инвестициявий муҳит самараси

Машинасозлик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим бўғинларидан биридир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон машинасозлик соҳаси ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллади. Мазкур тармоқни янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқаришга илғор технологияларни кенг жорий қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Машинасозликка хорижий инвестициялар жалб этилиб, кўплаб қўшма корхоналар тузилмоқда. Бу эса маҳсулот сифатини яхшилаш, унинг турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилаётир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратилиб, сармоядорлар учун имтиёз ва преференцияларнинг самарали тизими ишлаб чиқилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янада такомиллаштириб, уни янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.

2012 йил Тошкентда Беларусдаги машинасозлик бўйича етакчи “Amkador” холдинг компанияси томонидан “Amkador-Tоshkent” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона ташкил этилгани бунга мисол бўла олади. Ушбу корхона қисқа вақт ичида Ўзбекистонда махсус техника воситаларини етказиб берувчилар орасида етакчи мавқега эга бўлди.

Хорижий корхона йўл қурилиши, коммунал, қишлоқ хўжалиги, аэродром учун мўжаллаган техника ва бошқа махсус техникаларни сотиш, уларга кафолатли хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, эҳтиёт қисмлари, сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмларни етказиб бериш, мазкур техника фойдаланувчиларини ўқитишга ихтисослашган.

“Amkador” холдинг компанияси 90 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. У ўтган давр мобайнида ўйинчоқ ишлаб чиқарадиган кичик бир фабрикадан машинасозлик бўйича холдинг кўринишидаги йирик компанияга айланди. Бугунги кунда компания Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг 33 мамлакатига 90 дан ортиқ русум ва модификациядаги техника воситаларини етказиб бермоқда.

Корхонада ишлаб чиқарилган фронтал ва универсал юкловчи машиналар, электр юкловчи машиналар, электртележкалари, йўл катоклари, қор тозалаш техникалари, экскаваторлар, МТЗ тракторлари негизидаги турли-туман агрегатлар, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги учун агрегатлар, юк-кўтариш транспорт ускуналари, дон тозалаш мажмуалари ва бошқа кўплаб техника воситалари ўзининг юқори сифати, халқаро андозаларга тўла мослиги, тежамкорлиги, ишончлилиги, қулайлиги ҳамда экологик жиҳатдан хавфсизлиги билан ажралиб туради.

Холдингда ишлаб чиқарилаётган юк ортиш ва тушириш, махсус машиналар, турли ускуналар қишлоқ хўжалигида ҳам тобора кенг қўлланилмоқда.

Бугунги кунда “Amkador-Tоshkent” хорижий корхонаси Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўз вакиллари ва савдо агентларига эга. Юқори малакали сервис хизмати ва ўқув комплекслари ташкил этилган.

– Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун истиқболли мамлакат ҳисобланади, – дейди “Amkador-Tоshkent” корхона раҳбари Анатолий Левицкий. – Юртингизда машинасозлик маҳсулотларига талаб катта. Бу қишлоқ хўжалиги, саноатнинг барча тармоқлари, хусусан, кон-металлургия соҳаси, коммунал хўжалиги, кичик бизнес корхоналарининг жадал ривожланиши билан бевосита боғлиқ. Давлатингиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар муваффақиятларимизнинг муҳим омилидир. Мақсадимиз техника етказиб бериш ҳажмини янада кенгайтириш, кафолатли ва сифатли хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, Ўзбекистон ички бозорида унга талаб юқори бўлган техника русумларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.

Айни пайтда “Amkador” холдинги ҳамда “Amkador-Tоshkent” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” ва “Технолог” акциядорлик жамиятлари негизида қишлоқ хўжалиги, коммунал ва йўл-қурилиши техникаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Amkador – Agrotexmash” қўшма корхонаси ташкил қилинди.

Яқинда Беларусь Республикаси ҳукумат делегациясининг юртимизга ташрифи пайтида “Amkador – Agrotexmash” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган техника воситалари намойиш этилди.

Хорижий ҳамкорлар, хусусан, беларуслик сармоядорлар иштирокидаги истиқболли лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Нодира Манзурова, ЎзА
2 796






Все о погоде - Pogoda.uz