ЎзА Ўзбек

05.03.2018 21:02 Чоп этиш версияси

Туркия делегациясининг учрашувлари

Туркия делегациясининг учрашувлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 5 март куни Туркия парламентининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги турли йўналишларда жадал тараққий этаётгани, парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани эса ўзаро муносабатларнинг янада кенгайишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Туркия Республикаси билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг ривожлантирилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Туркия Республикаси парламенти делегациясининг ушбу ташрифи парламентлараро мулоқот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий самарасидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан суҳбатда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

16.JPG

Учрашувларда Ҳайдар Али Йилдиз сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва албатта парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, Туркия парламенти делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг илк қўшма мажлиси ўтказилди.

Музокара якунида Ўзбекистон Респбуликаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди.

Туркия делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ва кооперацион биржа ҳам ўтказилди. Савдо-саноат палатаси ва Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида ташкил этилган форумда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, инвестиция, савдо-саноат, туризм, қурилиш, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, енгил саноат, тўқимачилик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда туркиялик ишбилармонлар мамлакатимизга сармоя киритиш истиқболлари, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаси, тўқимачилик ва енгил саноат, сайёҳлик соҳасидаги имкониятлар билан танишди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга ихтисослашган комплексларни қуриш, тўқимачилик ва текстиль саноатида янги лойиҳаларни амалга ошириш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Шу куни туркиялик меҳмонлар Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон – Туркия савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлигининг ривожланиш истиқболлари” мавзуида ташкил этилган навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
10 987