Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 12:13 Чоп этиш версияси

“TURKAK” аккредитациялаш муассасасининг сертификатини олди

Наманган синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг енгил саноат синов лабораторияси Туркиянинг халқаро “TURKAK” аккредитациялаш муассасасининг ISO/IES 17025-2015 сертификатини олди.

Пахта толасидан маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорларнинг экспорт амалиётига кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга мазкур лаборатория халқаро аккредитациялаш талабларига мос равишда барпо этилди. Жумладан, синовлар ўтказиш жараёнига атроф-муҳитнинг салбий таъсири омиллари, санитария-гигиена, ёнғин, меҳнат хавфсизлиги талаблари, шамоллатиш, шовқин, ёруғлик, электромагнит таъсирлардан ҳимоялаш чоралари халқаро меъёрий ҳужжатлар асосида эътиборга олинди.

Лаборатория ISO стандартлари асосида синовдан ўтказишда фойдаланиладиган HD-B 617, HD-P308 Kabina-1000, Water-Wash, AG-220, Geratech DT 172 каби замонавий синов ва ўлчаш ускуналари билан жиҳозланди.

Лабораторияда пахта толасидан тайёрланган матолар рангининг физик-кимёвий турғунликка, терлаш ва ювилишга чидамлилиги, юза зичлиги, иплар сони бир неча кўрсаткичлар бўйича синовдан ўтказилади. Синов натижалари хорижий давлатларда тан олинади. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
4 894