ЎзА Ўзбек

04.05.2018 08:30 Чоп этиш версияси

Туризм соҳасида кадрлар етарлими?

Бугунги кунда туризм дунёда энг илғор ва сердаромад соҳалардан бирига айланди. БМТ маълумотига кўра, дунёда 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилмоқда, дунё бўйича сайёҳлар сони йилига 4-5 фоиз кўпайиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони 1 миллиарддан ошмоқда.

Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар рўйхатидан ўрин эгаллаган. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Бугун юртимизда 800 дан ортиқ сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатади, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг бор.

Мамлакатимизда туризм ривожланиши соҳа ходимларига бўлган талабни кучайтирмоқда. Айни кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм йўналишидаги коллежларда сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлашни такомиллаштиришга бағишланган очиқ мулоқотда бу борада атрофлича ахборот берилди.

Очиқ мулоқотда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, мамлакат сайёҳлик салоҳиятини янада оширишда соҳа мутахассислари малакаси муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Туризм коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, соҳага оид ўқув дастурларини такомиллаштириш, туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув муассасалари билан иш таклиф этувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро туризм факультети таълим жараёни билан танишдилар.

Инобат Аҳатова, ЎзА
14 419