Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Тошкентда Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Р.Азимов мамлакатларимиз ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишув ҳуқуқий асос бўлаётганини таъкидлади. Келгусида инвестициявий лойиҳаларни кенгайтириш, туризм, таълим, меҳнат миграциясига доир ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 14-15 апрель кунлари Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида қабул қилинган 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Дастур икки давлат ўртасидаги самарали иқтисодий шерикликни таъминлашда муҳим асос бўлмоқда.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар жадал суръат билан ривожланмоқда. Россия Федерацияси мамлакатимизнинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида етакчи мавқега эга. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган.

– Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш ва саноатни модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътиборга молик, – деди Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Д.Козак. – Мазкур комиссия мажлиси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш учун қулай имконият бўлди. Ўзбекистон билан савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, атроф-муҳит, илмий-техникавий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.

Россия делегацияси Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самаралари, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун яратилаётган қулай шароитлар, юртимизнинг экспорт салоҳияти, эркин индустриал зоналардаги имкониятлар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Савдо, энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, транзит, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфатли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Севара Алижонова, ЎзА
2 908






Все о погоде - Pogoda.uz