Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 15:33 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида жорий йилнинг 6 ойида 38 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 6 майдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Тошкент вилояти бандлик бош бошқармаси томонидан иш билан банд бўлмаган фуқароларга қулайлик яратиш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида корхона-ташкилот ва муассасаларда қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бўш иш ўринлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг www.mehnat.uz сайтидаги "Миллий кадрлар портали" саҳифасига жойлаштирилиб, маълумотлар ҳар ойда янгилаб борилади.

– Вилоятда тизимли ва аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши туфайли жорий йилнинг 6 ойида 38 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Бобоқулов. – Биргина саноат соҳасини ривожлантириш бўйича Чирчиқ, Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Зангиота, Ўрта Чирчиқ, Қибрай, Паркент туманларида 119 лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 600 дан зиёд аҳоли иш билан таъминланди. Маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 171 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 891 янги иш ўрни яратилди.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 30 ёшгача бўлган 637 нафар фермер муваффақиятли фаолият юритмоқда. Улар орасида янгийўллик Абдусалом Эминов ҳам бор.

– Туманимизнинг тупроқ-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жуда қулай, – дейди Янгийўл туманидаги “Раҳмиддин Каромат агро” фермер хўжалиги раҳбари А.Эминов. – Хўжалигимиз тасарруфидаги 10 гектар ерда ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик билан шуғулланамиз. Ўтган йили 20 тонна сабзи, 12 тонна пиёз, саримсоқ пиёз, ловия ҳамда 6 тонна мош етиштирилди. Айни пайтда ғалладан бўшаган майдонларга картошка, сабзи, шолғом ва карам экдик. 2 гектарлик боғимизда ғарқ пишган олма, олхўри ва шафтоли пешма-пеш териб олинмоқда.

Мамлакатимизда якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бу соҳада ҳам салмоқли ютуқларга эришаётган ёшлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Нодира Маннопова “Ҳунарманд” уюшмаси Қибрай тумани бўлими кўмагида тижорат банкидан 15 миллион сўм кредит олиб, “Нодирабегим” тикувчилик цехини ташкил қилди. 15 нафар хотин-қиз тикаётган замонавий кийим-кечаклар бозорда харидоргир.

– Асосан имконияти чекланган ва кам таъминланган оилалардан бўлган хотин-қизларни ишга жалб қилганмиз, – дейди корхона раҳбари Н.Маннопова. – Мижозлар талаби ва буюртмаси асосида йил бошидан буён 45 миллион сўмлик кийим-кечак ишлаб чиқарилди. Айни пайтда буюртма асосида умумтаълим мактаблари ўқувчилари формасини тикмоқдамиз. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш ҳисобидан маҳсулотларимизни экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Жорий йилда вилоятдаги 122 касб-ҳунар коллежини битирган 35 минг 456 нафар ёш мутахассиснинг аксарияти ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар билан тузилган тўрт томонлама шартнома асосида ишга жойлаштирилмоқда.

Буларнинг барчаси ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 120






Все о погоде - Pogoda.uz