Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Томорқадан йилига уч марта ҳосил олаётганлар

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Томорқа – эртанги фаровон турмуш гарови” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, туман фермерлар кенгаши ходимлари, фермерлар, томорқа фаолияти билан шуғулланаётган оилавий тадбиркорлар иштирок этди.

Мамлакатимизда томорқадан унумли фойдаланиш, йилнинг тўрт фаслида ҳам арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди партия туман кенгаши аппарат раҳбари Д.Исмоилова. – Томорқасида маҳсулот етиштираётган ишбилармонни хоҳ тадбиркор денг, ҳоҳ деҳқон, у ўз меҳнати билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса кўшмоқда.

Ҳозир Зангиота туманида 69 мингдан зиёд аҳоли хонадонида томорқа мавжуд. Аҳоли экин майдонларининг 3 минг 527 гектарига сабзавот, 415 гектарига картошка, 100 гектарига полиз экинлари экилган. 1 минг 308 гектарда мевали дарахтлар парваришланмоқда.

– Маҳалламиз аҳли томорқасидан йилига 2-3 марта ҳосил олади, – дейди тумандаги Ёшлар кўчаси, 24 уйда яшовчи Ф.Абдуллаев. – Томорқадан олинаётган маҳсулот кундалик рўзғор билан бирга, бозорда сотиш учун ҳам мўлжалланган. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, 10 сотихли томорқамизда иссиқхона барпо этганмиз. Помидор, бодринг ва турли манзарали гул кўчатлари етиштирмоқдамиз.

Тадбирда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш бошлаб юборилгани, томорқачилик билан шуғулланаётган оилавий тадбиркорларнинг ютуқларини вилоятда оммалаштириш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.

А.Мусаев, ЎзА
3 274






Все о погоде - Pogoda.uz