Томорқа – даромад манбаи
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиши – бугунги давр талаби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиши – бугунги давр талаби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимлари, фермерлар ва томорқа фаолияти билан шуғулланаётган оилавий тадбиркорлар иштирок этди.
Мамлакатимизда аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга ҳисса қўшаётган фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
– Томорқадан унумли фойдаланиб, арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштираётган деҳқонлар тажрибасини оммалаштириш бўйича ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди партия Зангиота тумани кенгаши раиси ўринбосари Д.Исмоилова. – Ҳозир туманимизда 69 мингдан зиёд аҳоли хонадонида томорқа мавжуд. Биргина "Ҳасанбой" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 116 гектар томорқа майдонида турли сабзавотчилик ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштирилмоқда. “ЎзЛиДеП бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлик бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида томорқасида хусусий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган оилаларга кўмак берилмоқда. Жорий йил бошидан буён аҳоли билан ўтказилган мулоқотларда 9 мингдан зиёд оилага банкдан кредит олиш, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар берилди.
Тадбирда мутахассислар ҳудудларда қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш каби кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш бўйича атрофлича маълумот берди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш, бу йўналишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг вазифалари хусусида фикр алмашилди. Тажрибали деҳқонларнинг таклифлари тингланди.