ЎзА Ўзбек

17.09.2019 Чоп этиш версияси

ТИФ Миллий банки вилоят бўлими тадбиркорликка 18,4 миллион доллар хорижий кредит жалб этди

ТИФ Миллий банки вилоят бўлими тадбиркорликка 18,4 миллион доллар хорижий кредит жалб этди

“Ўзмиллийбанк”нинг Жиззах вилояти бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес субъектларига 300,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу маблағнинг 18,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қисмини хорижий молия институтларининг узоқ муддатли кредитлари ташкил этди. Ушбу кредитлар ҳисобидан жами 1 минг 960 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди. 

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларига мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда қулай, тезкор ва самарали молиявий тизимларни жорий этишга эътибор қаратаётган банк бўлими ўз маблағидан ташқари, хорижий молия институтларининг кредит линияларидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Хорижий кредитларнинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун замонавий технологиялар, ускуналар ва техникалар сотиб олишни молиялаштиришга йўналтирилаётир. 

photo5190621660192025719.jpg

Масалан, ўтган йил охирида иш бошлаган “PAPER NAPKINS” масъулияти чекланган жамияти Миллий банк бўлими томонидан берилган кредит эвазига ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 

Масъулияти чекланган жамияти ҳозирги пайтда энг кўп ишлатиладиган ва харидоргир бўлган гигиеник қоғоз салфеткалар ишлаб чиқарадиган ускуналар олиш учун Хитойдан ҳамкорлар топди. Ускуналарни сотиб олиш учун банкка кредит сўраб мурожаат қилди. 

photo5190621660192025720.jpg

Ўзмиллийбанк вилоят бўлими корхонага ушбу янги лойиҳани амалга оширишни Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг кредит линияси маблағидан фойдаланиб ҳал қилиб берди. Корхонага Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки кредит линиясидан Ўзмиллийбанк вилоят бўлими орқали 60 ой муддатга 12 ой имтиёзли давр билан 131,5 минг АҚШ доллари миқдорида кредит берилди. 

Кредитнинг белгиланган вақтда ажратилиши туфайли корхона хорижий ҳамкорлар билан шартномада кўрсатилган муддатда ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эга бўлди. Хитойнинг “ZHEJIANG BAREKA MACHINERY & EQUIPMENT CO LTD” компанияси томонидан ускуналар тўлиқ келтирилиб, ўрнатиб берилди. 

Ушбу асбоб-ускунлар ўрнатилгандан сўнг корхона бизнес режасида кўзда тутилган 10 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда корхонада ишлаб чиқарилган гигиеник қоғоз салфеткалар сифати яхшилиги учун олди-сотди шартномаларга асосан Жиззах вилоятидан ташқари, республиканинг бошқа ҳудудларига хам етказиб берилмоқда. 

photo5190832474366782349.jpg

Корхона банк билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш соҳасини кенгайтириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида ҳам иш олиб бораётир. 

Айни пайтда Миллий банк мижозларнинг хорижий валютадаги кредитларга бўлган талаби кундан кун ошиб бораётир. Чунки хорижий кредитлар ҳисобига нафақат маҳсулот, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун инновацион технологиялар келтириш имконияти катта. 

5 981
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА