Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 19:53 Чоп этиш версияси

Тиббиёт ютуқлари намойиши

Тиббиёт ютуқлари намойиши Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар залида «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2017» кўргазмаси бошланди. Уни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш, Ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, «Ўзтибтехника» масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси ва "ITE Uzbekistan" халқаро кўргазма компанияси ҳамкорликда ташкил этди.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б.Отахонов ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, халқимизга, айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшаётган аҳолига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада оширишга давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор инсон манфаатларини муҳофазалашнинг муҳим омили бўлаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида бу йўналишда кенг қамровли вазифалар белгиланган.

Ушбу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қатор дастур ва лойиҳалар қабул қилинди. Хусусан, шошилинч тиббий ёрдам ва бирламчи тиббий-профилактика тизимини такомиллаштириш, онкология хизмати ва хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини кенгайтириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга оид ишлар амалга оширилмоқда. Илм-фан эришаётган ютуқларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётнинг турли йўналишларида янги-янги, самарадор технологияларни яратиш, улардан диагностика ва даволаш жараёнида оқилона фойдаланишга йўналтирилган ишлар янада кенгаймоқда.

1.jpg

Мазкур кўргазмада ўн саккиз мамлакатдан икки юздан ортиқ компания иштирок этаётгани тадбир нуфузидан далолат беради. Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Голландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Польша, Россия, АҚШ, Туркия, Украина, Чехия, Швейцария, Эстония, Жанубий Корея, Япониянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Уларнинг орасида маҳсулотларининг сифати ва самарадорлиги бўйича дунёда ном қозонган "Samsung", "Heinemann", "Mindray", "BTL", "Chison" каби компаниялар бор.

Германиянинг "Heinemann" компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан тақдим этилаётган гинекологияда қўлланиладиган замонавий кольпоскоп, оториноларингология соҳасида ишлатиладиган лор-комбайн, шошилинч тиббиёт тизимида реанимация ёрдамини ташкил этишда, жарроҳлик соҳасида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар мутахассисларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Хитойнинг "Perlong medikal" компаниясида ишлаб чиқарилган замонавий диагностика воситалари намойиш этилаётган стенд иштирокчиларда катта қизқиш уйғотмоқда.

– Кўргазма жуда юқори савияда ташкил этилган, – дейди "Perlong medikal" компанияси бош менежери Юан Миао. – Бу ерда дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўзларининг энг сўнгги технологиялари билан иштирок этаётгани Ўзбекистон тиббиётининг ўзига хос салоҳиятидан далолат беради. Биз бу тадбирга жаҳон илм-фанининг энг янги ишланмалари билан келдик. Бир неча турдаги замонавий рақамли рентген технологиялари, маммограф, стоматология ва наркоз аппаратларимиз диагностика ва даволаш ишларида юқори самарадорликка эга. Ушбу воситаларимиздан Ўзбекистондаги қатор шифо муассасаларида ҳам фойдаланилмоқда. Ушбу тадбир янги ҳамкорлар излаб топиш, тажриба алмашишда катта имконият яратади.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига жаҳон илм-фани ютуқларини кенг татбиқ этиш баробарида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илм-фан ютуқларини такомиллаштириш ва улардан амалиётда фойдаланиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий фармацевтика саноати ривожланмоқда.

«Никофарм» корхонаси ана шундай етакчи ишлаб чиқарувчилардан биридир. 2006 йилда ташкил топган корхона бугунги кунга келиб тиббиётнинг турли йўналишларида қўлланиладиган йигирмага яқин фармакотерапевтик гуруҳлар бўйича дори-дармон воситаларини ишлаб чиқармоқда. Маҳаллий хомашё асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Масалан, 2016 йилда олтита ана шундай янги фитомаҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

«Замона Раъно» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган гиёҳчойлар ҳам саломатликни асрашда муҳим шифо воситаси сифатида тилга олинади. Корхона менежери Гулнора Одилхонованинг айтишича, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти йилдан-йилга кенгаймоқда. Бугунги кунда юз хилдан кўпроқ маҳсулотни ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилган. Экспорт ҳажми ва жўғрофияси тобора ошиб бораётир. АҚШ, Россия, Украина ва бошқа давлатларда корхона маҳсулотларига талаб ошиб бораётгани мамлакатимиз тиббиёт илм-фани ва фармацевтика саноатининг ўзига хос салоҳиятини намоён этади.

Тиббиёт техникаси ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари, хомашё ва технологиялар, стоматология ускуналари ҳамда эстетик тиббиётга оид стендларни қамраб олган кўргазмада касалликларга аниқ ва чуқур ташхис қўйиш, жарроҳлик муолажаларини замонавий усулларда бажаришга ихтисослашган юқори технологиялардан тортиб лаборатория-таҳлил соҳасида яратилган янги ишланмалар, неонатология, скрининг хизмати, педиатрияга оид ихтиролар, фармсаноат ютуқлари кенг намойиш этилаётир.

«Osiyomedika» масъулияти чекланган жамияти тақдим этаётган андроид тизимида ишлайдиган микроскоплар, ПЦР таҳлил аппаратлари, иммунофермент ва биокимёвий анализаторлар касалликларга юқори аниқликда эрта босқичда ташхис қўйиш имкониятини беради. Бир марта ишлатиладиган, стерилланган янги қон таҳлили воситаси қўлланилганда шприц ёки санчқига эҳтиёж қолмайди.

Диагностика соҳасига онкомаркерларнинг кириб келиши саратоннинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш, инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлди. Мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида бундай янги технологияларни кенг қўллаш борасида барча имкониятлар мавжудлиги, хориждан янги техника ва технологияларни олиб киришга давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар тиббиёт тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Кўргазма доирасида лаборатория ва диагностика соҳасида қўлланилаётган янги технологиялардан фойдаланишнинг самарали усулларига оид илмий-амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Баҳор Хидирова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
3 185






Все о погоде - Pogoda.uz