Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 16:41 Чоп этиш версияси

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илғор ютуқлар намойиши

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илғор ютуқлар намойиши “Ўзэкспомарказ”да Х халқаро ихтисослашган “UzMedExpo – 2017” тиббиёт кўргазмаси иш бошлади. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор ташкилотлар кўмагида “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди. 

Кўргазманинг очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ортаётгани таъкидланди. Бу каби кўргазмалар тиббиёт соҳасини такомиллаштириш ва аҳолининг барча қатламини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

8.JPG

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашда кенг имконият яратади. Натижада ўтган қисқа вақтда маҳаллий хомашё ресурсларини босқичма-босқич чуқур қайта ишлаш ва тайёр истеъмол маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш тармоқлари эвазига фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш 123,9 фоизга ўсди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг роли оширилаётгани тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йил 1 январгача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Жамғарилган маблағлар хусусий тиббий муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иш жараёнига юқори технологик ускуналарни жорий этиш ва тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга замин яратади.

9.JPG

“UzMedExpo – 2017” халқаро тиббиёт кўргазмаси соҳа ходимлари ўртасида тажриба алмашиш, янгилик ва илмий ишланмалар ҳақида маълумотга эга бўлиш, тармоққа электрон ахборот-назорат қилиш тизимларини жорий этиш, соҳа истиқболларини белгилаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратади.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ўз самараларини бермоқда, – дейди Корея Республикасининг “LKSH INC” компанияси менежери Ин Шиль Жонг. – Компаниямиз Ўзбекистондаги уч йиллик фаолияти давомида тиббиёт туризмини йўлга қўйиш орқали мамлакатингизда шифохоналар бунёд этишни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Компаниямиз кўмагида ўзбекистонлик бир гуруҳ шифокорлар замонавий тиббий технологияларни бошқариш бўйича Жанубий Кореяда малака ошириб қайтди.

Кўргазмада мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари билан бирга Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Италия, Швейцария, Чехия, Украина сингари мамлакатлардан 50 дан зиёд етакчи компания ва фирма иштирок этмоқда. Кўргазма стендларида тиббий лаборатория, диагностика, реабилитация ускуналари ва технологиялари, дори-дармонлар, махсус мебеллар, стоматология, физиотерапия, кардиология, жарроҳлик ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган янги препаратлар, витаминлар, санитария-гигиена воситалари намойиш этилмоқда.

– Мамлакатингизда тиббиёт соҳасига хорижий сармоядорларни жалб қилиш мақсадида қулай инвестиция муҳити яратилган, – дейди Россиянинг “Вектор-БиАльгам” акциядорлик жамияти иш бошқарувчиси Евгения Кудряшова. – Компаниямиз вакциналар, иммунобиологик прибиотиклар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланади. Ушбу кўргазмадан фойдаланиб, маҳсулотларимизни истеъмолчиларга кенгроқ таништириш, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиш ниятидамиз.

Бугун барча соҳада бўлгани каби соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришда қатор ютуқларга эришилмоқда. Ўзбекистоннинг “Fom Group” ва Украинанинг “Proxima Research” масъулияти чекланган жамиятлари фармацевтика соҳасидаги компаниялар учун ҳамкорликда дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқаради. Улар томонидан тақдим этилаётган ишланмалар бизнес жараёнини оптималлаштириш ва хизмат кўрсатиш жараёнида тезкор, аниқ маълумотлар олиш имконини беради.

13.JPG

Ўзбекистонда стоматологик хизмат кўрсатиш сифати ва тури тобора кенгаймоқда. “Intermed Innovation”, “AB Form Sistem”, “Shifo Nur Servis”, “Sun Gate International” компания ва фирмалари томонидан тақдим этилаётган стоматологик ускуналар ва материаллар, тишни даволаш ва протезлашнинг энг янги технологиялари соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Форумда стоматология соҳасидаги асбоб-ускуна ва маҳсулотларимиз билан қатнашмоқдамиз, – дейди “Intermed Innovation” Ўзбекистон – Словакия қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Шавкат Саидғаниев. – Улар замонавий, қулай ва ихчамлиги, ташқи дизайни билан ажралиб туради. Бундай кўргазмалар саломатлик соҳасини модернизация қилиш ва юқори технологик тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Кўргазма иштирокчилари “Гўзаллик ва саломатлик” бўлимида косметология, эстетик тиббиёт ва пластик жарроҳлик саноатидаги етакчи ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотлар, хизматлар билан танишиши мумкин.

Улуғбек Шоназаров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
2 742






Все о погоде - Pogoda.uz