Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.08.2017 17:49 Чоп этиш версияси

Лазер ускунаси ёрдамида ерни текислашнинг афзаллиги

Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида “Лазер ёрдамида ерларни текислаш ва шўрланишнинг олдини олиш ҳамда сувни тежаш технологияси асослари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Адаптация фонди ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларида иқлим барқарорлигини таъминлаш” лойиҳасига мувофиқ ташкил этилган тадбирда Мўйноқ, Кегейли ва Чимбой туманлари фермерлари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирок этди.

Мўйноқ, Тахтакўпир, Чимбой, Кегейли ва Қанликўл туманларида амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг барқарорлигини таъминлаш, яйловларни кенгайтириш, ландшафт даражада тупроқни деградациядан муҳофаза қилиш, намликни сақлаш, Орол денгизи тубида кўчма қумларни тўсиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Иштирокчилар лазер ускунаси ёрдамида ерни текислашнинг афзалликлари, бунинг натижасида сувни тежаш бўйича олиб борилаётган ишлар самаралари билан танишди.

– Ушбу усулда текисланган экин майдонларини суғоришда 25 фоизгача сувни тежаш ва ҳосилдорликни 10 фоиз оширишга эришилмоқда, – дейди лойиҳа мутахассиси Озод Тлеумуратов. – Бизнинг шароитимизда бу жуда яхши кўрсаткич. Боиси, экин майдонларидаги баланд-пастлик айрим далаларда 50 сантиметргача фарқ қилади. Бундай шароитда экин бир текис қониб сув ичмайди, ҳосилдорлик кутилганидан анча кам ва сув сарфи жуда юқори бўлади.

Лойиҳага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ерларни лазер усулида текислаш учун 7 замонавий ускуна келтирилиб, Чимбой туманидаги “Жузбаси” ҳамда “Алимбет кўл” фермер хўжаликларига, Қанликўл туманидаги “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамияти ва “Шомурат механик” фермер хўжалигига, Мўйноқ туманидаги “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мўйноқ ҳосилдор” масъулияти чекланган жамиятига, Тахтакўпир туманидаги “Адилет тахта” машина-трактор парки ва Кегейли туманидаги “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамиятига берилди. Бу хўжаликларда экин майдонлари ана шу усулда текисланиб, деҳқончилик қилинмоқда.

– Лазер ускунаси ёрдамида текисланган ерда деҳқончилик қилиш ҳар томонлама самарали, – дейди Чимбой туманидаги “Жузбаси” фермер хўжалиги раҳбари Жеткерген Абдурасулев. – Хўжалигимиз тасарруфидаги 90 гектар ернинг 35 гектарига буғдой, 40 гектарига пахта экдик. 7 гектар боғ ва 2 гектар токзор ҳам замонавий технология асосида текислангани яхши самара бермоқда. Бу йил гектаридан 60 центнердан ғалла олишга эришдик. Гектарига 1 минг 400 кубометр сув тежаб қолинди, рентабеллик 18 фоизни ташкил этди.

Ушбу янги технология қўлланилиши самарасида сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш билан бирга, тупроқ шўрланишининг олдини олишга ҳам эришилмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
4 290






Все о погоде - Pogoda.uz