Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 15:43 Чоп этиш версияси

“Termiz kargo” экспорт марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Сурхондарё вилоятидаги “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази негизида ташкил этилган “Termiz kargo” экспорт марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили И.Эргашев, Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар, Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Хон Жон Алаказай Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги иқтисодий, савдо, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқалар кейинги пайтларда изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан 2016 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида, 2017 йил июнь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги учрашувлари икки давлатнинг самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йил июль ойида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили лавозими бу борада яна бир муҳим амалий қадам бўлди.

Ўзбекистон яқин қўшни давлатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, тинчликни таъминлаш, барқарорликни тиклаш ва иқтисодиётни ривожлантириш тарафдори бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, афғон халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани бунинг ёрқин далилидир.

Мамлакатимиз Афғонистонда тоғ-кон саноати, қурилиш, энергетика, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётир. Ўзбекистон кўмаги билан қўшни давлатда юқори вольтли электр энергияси ва оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи, кўприклар барпо этилган. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Хайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линиясини қуриб берган. Юртимиздан қўшни давлатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг олти ойида ўзаро савдо айланмаси 18 фоиз ўсган.

“Termiz kargo” экспорт маркази мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар доирасининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўтайди. Замонавий марказда қўшни давлат тадбиркорларига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик мавжуд. Консуллик вакили, божхона терминали биноси, омборлар қурилган. Бошқа зарур шароитлар яратилган.

– Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшаб келаётган яқин қўшнилармиз, – дейди Афғонистондаги “Bashir Navid Group” компанияси президенти Ҳожи Хайриддин. – Ўзбекистоннинг мамлакатимизда барқарор вазиятни тиклаш юзасидан амалга ошираётган ишларини юксак қадрлаймиз. Ушбу марказ юртингиз тадбиркорлари билан савдо алоқаларимизни янада мустаҳкамлашда янги саҳифа очди. Тинч ва обод Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари жаҳон бозорида рақобатбардошлиги, юк-транспорт хизмати қулайлиги билан ҳам бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Энди бизга зарур саноат маҳсулотлари билан шу ернинг ўзида танишиш, харид қилиш учун катта имконият яратилди. Бу бизнинг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, тижорат ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Марказнинг кўргазма залида мамлакатимизда ривожланган автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси, кимё, қурилиш материаллари, енгил, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат саноати, электр жиҳозлари ишлаб чиқараётган 80 дан ортиқ замонавий корхонанинг 300 дан зиёд маҳсулоти кенг намойиш этилмоқда.

– Биз тайёрлаётган ош тузимиз афғонистонлик тадбиркорлар эътиборини тортди, – дейди Сурхондарё вилоятидаги “Хўжаиконтуз” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Эшмат Менглиев. – Йилнинг ўтган даврида қўшни давлатга 120 минг долларликдан ортиқ маҳсулот етказиб бердик. Афғонистонлик ҳамкорларнинг буюртмасини тўлиқ бажариш учун корхонани модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини янада оширишни режалаштирганмиз.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.Отажонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сайид Шаҳобиддин Темурий ва бошқалар сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 957






Все о погоде - Pogoda.uz