Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 16:53 Чоп этиш версияси

Текширувлар қачон ўтказилади?

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш, ишбилармонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида барча имкониятлар, имтиёз ва енгилликлар белгилаб берилган.

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритишлари ҳамда улар фаолиятига асоссиз аралашувларни қисқартиришнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминловчи ушбу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжатдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган мазкур фармон билан белгиланган янги меъёрлар асосида 2017 йил 1 январдан муқобил текширишлар умуман бекор қилинди.

Шунингдек, текширишнинг яна бир шакли бўлган режадан ташқари текширишларни ташкил этиш тартибига тадбиркорлар ҳимоясига қаратилган жуда муҳим ўзгартиришлар киритилди.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниб, юридик шахслар тугатилаётганда текширишлар ўтказилиши тартиби сақланиб қолинди, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли текширишлар ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунининг10-моддасида текширишлар даврийлиги, яъни:

– кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан уч йилда бир марта;

– хусусий банклар ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши;

– янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмаслиги;

– акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмаслиги;

– юқорида кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкинлиги тўғрисидаги аниқ меъёрлар белгиланган.

Ушбу талаблар асосида ишлаб чиқилган ва Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши тасдиқлаган текширишлар режа-жадвалидан кўчирмаларни тадбиркорлик субъектлари “my.soliq.uz“ электрон солиқ хизматлари порталида кўрсатиладиган “Текширишлар режа-жадвалидан кўчирмалар” интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзида олиши, шунингдек, ушбу хизматдан my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг tekshirishlar.uz сайтига мурожаат этган ҳолда фойдаланиши мумкин.

Режа-жадвалдан кўчирма календарь йили мобайнида режали текширув ўтказиладиган тадбиркорлик субъектларининг рўйхати, текширувда иштирок этадиган назорат қилувчи органлар (назорат қилувчи органнинг таркибий тузилмаси кўрсатилган ҳолда) рўйхати, режали текширув ўтказиладиган муддат ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш билан боғлиқ бир қанча янги йўналишлар, аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг 19-бандида солиқ назоратини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш, жумладан, тадбиркорлик субъектларида режали текширишлар ўтказиш учун солиқ тўловчиларни танлаб олиш асосларини аниқлаштириш вазифаси юкланган.

Шунга биноан амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, режали текшириш ўтказиш учун тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш асослари такомиллаштирилмоқда. Режали солиқ текширувларига тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш учун унинг фаолияти бўйича ўтказилган камерал назоратда икки ёки ундан ортиқ марта қоидабузарлик аниқланган бўлиши лозимлиги билан бир қатор қўшимча асослар, жумладан, солиқ ва мажбурий тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги каби талаблар киритилмоқда.

Ушбу меъёрларнинг жорий этилиши режали текширишлар ўтказиш учун солиқ тўловчиларни танлаб олиш тизимини такомиллаштиришга, улар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Эркин Жўраев, 
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ
қўмитаси бошқарма бошлиғи,
Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи
Республика кенгашининг котиби.

ЎзА
1 972






Все о погоде - Pogoda.uz