Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 17:16 Чоп этиш версияси

Тегишли дастурга асосан 31 минг 791 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган

Мамлакатимизда аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қиш ва баҳор ойларида ҳам дастурхон тўкинлигини таъминлаш, бозорда нарх-наво барқарорлигига эришиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини захирага ғамлаш ишлари қизғин давом этмоқда.

Аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг эҳтиёжлари учун қиш-баҳор фаслида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Тайёрлов ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан тузилган шартномалар ижросини таъминлаш, омборхона ва совутгичлардан унумли фойдаланиш, қиш-баҳор ойларида ички бозорга маҳсулотни мунтазам, бир маромда етказиб бериш ҳисобига нарх-наво барқарорлигини сақлаб туришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 20 октябрдаги “2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида Республика аҳолисини ва ижтимоий соҳа муассасаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида ички истеъмол бозори учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан 31 минг 791 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш режалаштирилган.

– Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан жами 20 минг 367 тонна – 4 минг 28 тонна картошка, 4 минг 294 тонна пиёз, 3 минг 220 тонна сабзи, 8 минг 825 тонна гуруч ғамлаш белгиланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Муратбой Қурбониёзов. – Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларда 517 тонна, соғлиқни сақлаш ташкилотларида 257 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш-баҳор ойлари учун захирага жамғариш назарда тутилган.

Аҳоли дастурхонига тортиқ этиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 15 минг 270 тоннаси замонавий совутгичларда, 15 минг 525 тоннаси фермер хўжаликлари омборхоналарида сақланади.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
3 901






Все о погоде - Pogoda.uz