Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 19:55 Чоп этиш версияси

Ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида “Аҳолининг шахсий томорқа ва деҳқон хўжалигига асосланган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга кўмаклашиш” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш хусусида сўз юритилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, солиқ, банк, туман “Ягона дарча” маркази ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аҳоли вакиллари, коллеж битирувчилари иштирок этди.

Андижонда аксарият хонадонлар томорқадан унумли фойдаланади. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, уруғчилик, кўчатчиликда илғор тажриба тўпланган. Бугунги кунда вилоят аҳолиси ихтиёрида 27,5 минг гектар томорқа майдони мавжудлиги ҳисобга олинса, бу йўналишда ҳали фойдаланилмай турган имкониятлар кўплиги аён бўлади. Шу боис вилоятда томорқачиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳрихон туманида февраль ойининг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 532,5 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, 97 хонадон оилавий тадбиркорлик қилиш ва томорқадан унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

– Тадбирда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган хонадонларнинг имкониятини ўрганиш, уларга молиявий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан вазифалар белгиланди, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев. – Бу борадаги мавжуд муаммолар масъул ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан юзма-юз мулоқот орқали таҳлил қилинди.

Иштирокчиларга оилавий тадбиркорликни самарали ташкил этиш, солиқ имтиёзлари, банк кредитларидан унумли фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар берилди. Тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи идора ва ташкилотлар хизматлари хусусида ҳикоя қилувчи кўргазма ташкил этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
1 722






Все о погоде - Pogoda.uz