Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 16:13 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида энг яхши тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аниқланди

Фарғона вилоятида энг яхши тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аниқланди Фарғонада бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида 55 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракати ва миллий ҳунармандликни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши йил сайин ошаётир. Фермерлик қишлоқ хўжалигида ҳал қилувчи кучга айланди. Соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб барчаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган 19 мингга яқин кичик бизнес субъектининг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 64,3 фоизни, аҳоли бандлигидаги улуши 81 фоизни ташкил этмоқда.

Анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови фаол ва ишбилармон юртдошларимиз фаолиятини кенг тарғиб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 925 тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, улар ишлаб чиқарган саноат ва истеъмол товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда тақдим этилган турли саноат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари сифат жиҳатидан хорижникидан асло қолишмаслиги билан алоҳида эътирофга лойиқ.

Бувайда туманидаги “Нурафшон зиё текс”, Қўқон шаҳридаги “Барака бизнес”, Тошлоқ туманидаги “Merfen-co”, Фурқат туманидаги “Келажак сифат текс” каби корхоналар маҳсулотлари барчага манзур бўлди. Танловда тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан 15 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотлар намойиш этилди.

Марғилон шаҳридаги “Муҳаммад салом омина” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдураҳмон Йўлдошев “Энг яхши тадбиркор”, Риштон туманидаги “Ихтиёр СМИК” фермер хўжалиги раҳбари Мўътабар Аҳмедова “Энг яхши фермер”, Риштон туманидан кулол Шоҳрух Бозорбоев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида биринчи ўринни эгаллади.

Танловда бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 198






Все о погоде - Pogoda.uz