Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 14:56 Чоп этиш версияси

“Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди

“Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичи бўлиб ўтди Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида “Энг яхши фермер” йўналиши бўйича Жондор туманидаги “Бўстон Назар” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Назар Ҳожиев ғолиб бўлди.

– Хўжалигимиз пахта ва ғалладан ҳар йили мўл ҳосил етиштиради, – дейди “Бўстон Назар” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Н.Ҳожиев. – Мамлакатимизда яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, чорвачиликни ҳам янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз. Айни пайтда сутни қайта ишлаб, 7 турдаги маҳсулотни буюртмачиларга етказиб бераяпмиз. Цехда 7 киши иш билан таъминланган. 4 гектарлик интенсив боғ ҳосилга кира бошлади. Истиқболни кўзлаб, ўтган йили ўз маблағимиз ҳисобидан 80 тонна сиғимга эга совуткични ишга туширдик. Унда сақланган мевалар қиш ва баҳорда пешма-пеш бозорга чиқарилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят фермерлар кенгаши ва “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 13 минг 139 тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудий ялпи маҳсулотнинг 53 фоизидан зиёди улар ҳиссасига тўғри келмоқда. Йил охирига қадар бу кўрсаткични 67 фоиздан ошириш мўлжалланмоқда.

Танловда 39 тадбиркорлик субъекти томонидан тўқимачилик ва тикувчилик, қурилиш саноати, хомашёни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, маҳаллийлаштириш дастурига кирган маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари намойиш этилди.

“Энг яхши тадбиркор” йўналишида Бухоро шаҳридаги “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонаси директори Бахтиёр Жўраев, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида Бухоро шаҳридан Аҳмад Арабов ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
6 133






Все о погоде - Pogoda.uz