Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 17:44 Чоп этиш версияси

Тараққиётимизнинг муҳим омили

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар самарасида мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг муҳим омилига айланди. Тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Сирдарё вилоятида 7 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар ташқи бозорда ҳам харидоргир.

"Бек" ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли корхона ва ташкилотларда тайёрланаётган маҳсулотлар юқори сифати билан аҳолига манзур бўлмоқда. Ушбу йирик ишлаб чиқариш бирлашмаси таркибида “Gul-ren-teks”, “Tekstil market”, “Даврон Шавкат Савдо” масъулияти чекланган жамиятлари, “Гулистон медтехника”, “Сарбонтекс”, “Орзу текстиль СВ”, “Сирдарынский берег” қўшма корхоналари, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик, узумчилик, паррандачилик ва йилқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд. Бирлашма тасарруфидаги корхона ва фермер хўжаликларида 3 мингга яқин ёшлар меҳнат қилаётир.

Бирлашманинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва маҳсулот экспорт қилиш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. 2016 йилда тайёр трикотаж ва тикувчилик йўналишида 104 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу соҳанинг ўзидан олинган даромад 3 миллиард 596 миллион сўмни ташкил этди. Бирлашма тасарруфидаги корхоналар томонидан пахта, помидор, бодринг, карам, мош, ловия, кунгабоқар каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сут ва тухум етиштириш бўйича ҳам юқори самарадорликка эришилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинаётир.

Айни пайтда ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Бренд текс трайд” масъулияти чекланган жамияти ташкил этиш, “Гулистон медтехника” ҳамда “Сарбонтекс” қўшма корхоналарида тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йил 17 май куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан қизиқди.

– Давлатимиз раҳбари вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берди, – дейди "Бек" ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Улуғбек Сотиболдиев. – Навоий ва Бухоро вилоятларида ташкил этилган замонавий пахтачилик-текстиль кластерини Сирдарё вилоятида ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, қиймати 200 миллион долларга тенг замонавий пахтачилик-текстиль “Мирзаобод универсал трейд” кластер хусусий корхонаси лойиҳаси 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган бўлди. Бу 10 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини беради. Ишга шу йўналишга ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилади. Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва билдирилган юксак ишонч бизни эл-юрт равнақи йўлида янада куч-ғайрат билан меҳнат қилишга ундайди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 798






Все о погоде - Pogoda.uz