Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 17:10 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида “Аҳолининг шахсий томорқа ва деҳқон хўжалигига асосланган тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга кўмаклашиш” мавзусида мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзолари, туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тижорат банкларининг туман бўлимлари вакиллари, бўлажак тадбиркорлар, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Тўхтаева. – Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда жойларда кенг аҳоли қатлами, ёшлар, аёллар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада кенг тарғиб қилиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сонини кўпайтириш мақсадида мана шундай очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Тадбирлар доирасида ўз оилавий бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларнинг бизнес режаси ўрганилиб, уларни молиялаштириш учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Тадбирда уйда ўтирган хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар қатлами билан ишлаш, уларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва янгиликлар, имтиёз ва қулайликлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Аҳоли томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар, келтирилган муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилди.

– Ўтган йили шахсий томорқамизда 6 сотихли иссиқхона қурилишини бошлаган эдик, – дейди мулоқот иштирокчиси Т.Файзиева. – Маблағ етмагани сабаб ишларимиз охирига етмай қолган эди. Шундан сўнг банкдан кредит олиш учун ариза бердик. Оилавий бизнес режамиз молиялаштирилиши учун 7 миллион сўм маблағ ажратилди. Иссиқхона қурилишини қисқа муддатда якунлаб, помидор, бодринг ва турли кўкатлар етиштиришни мўлжаллаяпмиз.

Тадбирда “Банк хизматлари, бизнес режа, кредит турлари ва кредит ажратиш тартиби, гаров таъминоти”, “Жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган солиқлар, солиқ ставкалари, солиқ ҳисоботлари, имтиёз ва преференциялар”, “Аграр соҳада тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш”, “Ветеринария хизмати кўрсатиш, ветеринария дори-дармонлари ва улардан самарали фойдаланиш масалалари” мавзуларида маърузалар тингланди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
1 422






Все о погоде - Pogoda.uz